Ссылки доступа

Amazon 18 мингдан ортиқ ходимини ишдан бўшатади


Иқтисодиётдаги ноаниқликлар ва сўнгги икки йил ичида ходимларни ишга фаол ёллаш туфайли компания мисли кўрилмаган қисқартиришни амалга оширмоқчи.

Американинг Amazon концерни ишдан қисқартириш доирасида 18 000 дан ортиқ ходимларини бўшатади, бу ҳақда унинг бош директори Энди Жесси 5 январь, пайшанба куни маълум қилди. Қарор 2023 йилни режалаштириш доирасида «иқтисоддаги ноаниқликлар ва сўнгги икки йил ичида кўп сонли ходимларни ишга ёллаш муносабати билан қабул қилинди», — дейилади компания хабарида. Қисқартиришлар, асосан, савдо ва ходимларни ёллаш бўлимларига таъсир қилади, деди Жесси.

18 000 кишининг кетиши Amazon тарихидаги энг катта бир марталик қисқартириш бўлади, деб хабар беради AFP. Ишдан бўшатишлар 2022 йилда бошланган, ўшанда компанияни 10 000 киши тарк этиши режалаштирилган эди, деб эслайди The Wall Street Journal.

Amazon коронавирус пандемияси шароитида ўз ходимлари сонини сезиларли даражада оширди, сабаби бу даврда онлайн тижорат кескин ўсди. 2022 йилнинг биринчи чорагида компанияда бутун дунё бўйлаб 1,62 миллион киши ишлаган бўлса, сентябрга келиб бу рақам 1,54 миллионга камайди, деб ёзади AFP.

Ўтган йилнинг учинчи чорагида Amazon’нинг соф фойдаси 2021 йилнинг шу даврига нисбатан тўққиз фоизга камайди. 2022 йилнинг сўнгги уч ойида компания ўз стандартлари бўйича арзимас ўсишни кутмоқда – йиллик нисбатда 2 фоиздан 8 фоизгача.

WSJ таъкидлашича, Amazon’даги қисқартиришлар сўнгги йилларда ходимлар сонини жуда тез кенгайтирганини тан олган бошқа технология компанияларидаги тенденцияга мос келади. Facebook’нинг бош компанияси Meta ноябрь ойида 11 минг ходимни ишдан бўшатишини эълон қилган. Октябрь ойида Twitter янги раҳбари Илон Маск ўзининг 7500 нафар ходимининг ярмини ишдан бўшатди. Август ойи охирида Snapchat ҳам ходимларини 20 фоизга қисқартирди, деб ёзади нашр.

XS
SM
MD
LG