Ссылки доступа

АҚШ Сенати Украинага 40 миллиард доллар миқдорида қўшимча ёрдам ажратишни маъқуллади


АҚШ Конгресси Сенати Украинага 40 миллиард доллар миқдорида қўшимча ёрдам ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда «Америка Овози» хабар бермоқда.

Маблағлар тўғридан-тўғри Украина ва қўшни давлатларга ҳарбий ёрдам ва қурол-яроғ етказиб беришга йўналтирилади.

Миллиардлаб долларлар иқтисодий ва гуманитар ёрдамга, жумладан можаро туфайли юзага келган глобал озиқ-овқат танқислигини бартараф этиш учун маблағларга йўналтирилади, деб ёзади нашр.

13 май куни Сенат ушбу ҳужжатни республикачи Ренд Пол блоклагани учун қабул қила олмади. У қонун лойиҳасига бюджетдан ажратилган маблағлар қандай сарфланишини назорат қилувчи федерал инспектор томонидан харажатларни текшириш тўғрисидаги бандни қўшишни талаб қилди.

Қарийб 40 миллиард доллар ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳаси 10 май куни Конгресс қуйи палатаси томонидан қабул қилинган эди. АҚШ президенти Жо Байден Конгрессдан Украина учун 33 миллиард доллар сўради, бироқ конгрессменлар таклиф қилинган миқдорни оширишга қарор қилишди.

Қонун лойиҳаси имзолаш учун Жо Байденга юборилади.

XS
SM
MD
LG