Ссылки доступа

Ишчи-ходимлар президент муддатини узайтириш таклифи беришга мажбурланган


Мирзиёев ҳозиргача президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш таклифи ва 2026 йилдан кейинги режалари ҳақида гапирмаган.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси 1-август соат 00:00 да тўхтатилди.

Yuksalish — LIVE Телерам каналига кўра муҳокама жараёнида конституция ислоҳотига оид 117357та таклиф тушган.

Улар орасида референдумдан асосий мақсад деб кўрилган амалдаги конституциянинг 90 – моддасига ўзгартиришни қўллаб-қувватловчи таклифлар ҳам бор.

Озодлик олган маълумотлар бу таклифларнинг бир қисми жойларда совет давридаги каби “меҳнаткашларнинг илтимоси” шаклида ташкиллаштирилганини кўрсатмоқда.

Хусусан, давлат улушига эга корхоналарнинг ҳамда бюджет ташкилотларининг ишчи-ходимлари ёзма “таклиф”лар юборишга мажбурланган. Озодлик суҳбатлашган маҳалла фаоллари оддий аҳоли вакилларидан 1341 рақамига қўнғироқ қилиб, президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш ёки умрбод қолиш “таклиф”ини бериш талаб қилинганини айтишмоқда.

Озодликка юборилган ҳужжатлардан аён бўлишича, баъзи корхоналар ишчилардан шу ҳақдаги аризага имзо қўйиб беришни талаб қилишган.

Шу ой бошида конституцияга ўзгартишлар боис норозилик намойишлари ва оммавий тартибсизликларга саҳна бўлган Қорақалпоғистоннинг ўзбеклар яшайдиган туманларида эса бу иш ими-жимида амалга оширилаётгани айтилмоқда.

Тошкент вилоят, Бекобод шаҳридаги “Ўзметкомбинат” АЖнинг бир гуруҳ ишчилари Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига ёзиладиган таклиф нусхасини Озодликка тақдим қилди:

“Мен, Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида яшайман. Давлатимизни ҳозирги кунда олиб бораётган ислоҳотларидан жуда ҳам мамнунман. Шунинг учун Конституциямизнинг 90 – моддасига таклифим бор. Таклифим шундан иборатки Президентлик ваколати муддатини 7 йилдан узлуксиз айланишини ва умрбод президентликка сайланиш таклифини бермоқчиман”.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган комбинат ишчиларидан бирининг иддао қилишича, бу тадбирнинг бошида комбинат раҳбарияти турибди:

“23 июль куни комбинатимизга Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов келган эди. Шундан кейин Дилшод Турсунқулович барча цех бошлиқларига тайёр таклифномага исми шарифини ёзиб, имзо қўйиш топшириғини берди. Ҳамма ўша тайёр бланкада президент етти йилдан умрбодгача қолсин, деб ёзилган қоғозга қўл қўйиб берди. Биз ҳам имзо қўйдик. Бошқа цеҳлардан сўрасак улар ҳам қўл қўйиб беришибди. Буларни ҳаммасини йиғиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига жўнатишар экан”.

Амалдаги Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасида президентлик муддати беш йил қилиб белгиланган. Айни пайтда эса бу муддатни етти йилга узайтириш ҳақида таклифлар билвосита кўпайтирилгани айтилади.

Жиззах вилоят, Зомин туманидаги давлат идораларидан бирида ишлайдиган, хавфсизлиги учун исми сир қолишини сўраган мулозимлардан бирининг айтишича, давлат корхоналри ишчиларига бу иш мажбурий амалга оширилган:

“Хат билан эмас, оғзаки, лекин барча ташкилотларга ИИБ, прокуратура, мактаб, боғча ҳаммага мажбурий. Ҳоким ёрдамчиларига хам айтишмокда, фукароларга таниш давлат органидагилар илтимос қилишди, 1341 га чиқинг ва етти йиллик бўлсин деб. Зомин халқи президентга ишонмай қолди, аввалига у икки йил халқ учун ишлади. Кейин эса қариндош-уруғларига ишлаяпти, пулларни офшорга олиб чиқиб кетишяпти. Каримовнинг иккита қизи еган бўлса, бунинг қариндоши кўп экан, булар ҳеч тўймайди дейишяпти”.

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида яшовчи, исми сир қолишини сўраган маҳалла оқсоқолларидан бирининг айтишича, президентни етти йиллик курсида қолдириш ишлари яширин қилиняпти:

“Жанубий туманларда тарғибот бўляпти халққа. Бюджет ташкилотлари ходимларига топшириқ қилиб айтилди. Бюджет ташкилотлари кадрлар бўлимидаги ишчи ва ходимларнинг исми шарифлари билан 1 одам 10-15 танинг номидан чиқиб таклифини берди. Ўзбеклар яшайдиган Амударё, Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний туманларида 1341га қўнғироқ қилиб президентлик муддатини етти йилга чўздириш ими-жимида қилинди. Биров билди, биров билмади. Лекин бунинг ҳаммаси бефойда эканлигини халқ яхши билади. Агар бутун Ўзбекистон халқ телефон қилиб йўқ, 90-модда ўзгартирилмасин деса ҳам, барибир ўзгартирилади. Каримов даврида ҳам худди шундай бўлган эди ва у тахтда 26 йил, ўлгунича ўтирди”.

Референдум учун масъул Марказий сайлов комисияси вакили Озодликнинг президент муддатини чўзиш учун мажбурий таклиф йиғиш кампаниясига доир саволларини жавобсиз қолдирди.

Ҳозирча конституциявий комиссия асосий қонуннинг янги таҳрири юзасидан умумхалқ референдуми санасини эълон қилганича йўқ, аммо мамлакатда референдумга тайёргарликлар авжида. Аввалроқ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг махсус миссияси референдумга тайёргарлик жараёнини баҳолаш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган. Миссия умумхалқ овоз беришини кузатиш ёки кузатмаслик борасида қарор қабул қилади. Ташкилотнинг халқаро кузатувчилар миссияси ўтган йил октябрида Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга сайланган овоз бериш жараёнлари мухолифатсиз ва ҳақиқий сиёсий рақобатсиз ўтганини айтган.

Кутилаётган референдум Ўзбекистоннинг янги тарихида учинчи умумхалқ овоз бериши бўлади. 1995 йилдаги референдум натижаларига кўра президент Ислом Каримов яна бир муддатга сайловларсиз ҳокимиятда қолган, 2002 йилда эса, худди ҳозиргидек, конституцияга ўзгартишлар киритилиши важидан президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилганди.

Конституциянинг янги таҳрири умумхалқ референдумида тасдиқлангани тақдирда, Шавкат Мирзиёев 83 ёшгача ёки умрбод ҳокимиятда қолиши мумкин.

Унинг ўзи ҳозиргача президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш таклифи ва 2026 йилдан кейинги режалари ҳақида гапирмаган.

XS
SM
MD
LG