Баъзи туманларда касалхоналар карантинга ёпилган, касалланаётганларни даволаш учун янги стационарлар очилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қизамиқ эпидемиясига сабаб сифатида анти-ваксерларни (у ёки бу сабабларга кўра эмлашдан бош тортувчи инсонлар) кўрсатмоқда.
2023 йил охирида Соғлиқни сақлаш вазири қизамиқ тез кунларда камайишини башорат қилган эди, бироқ баъзи ҳудудларда статистика фақат ўсиб бормоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, катталар орасида касалланиш ҳам кўпайган. Жорий йилнинг бир ярим ойида бу кўрсаткич 37,3 фоизга ўсди.
Пойтахтда 14 ёшгача бўлган болалар орасида ҳам касалланиш кўпайган - олти ҳафта ичида 381 та ҳолат. Олмаотада шифокорлар эпидемиологик вазиятни «беқарор» деб атамоқда.
Қизамиқ эпидемияси сўнгги 30 йилда Қозоғистонда содир бўлган энг йирик эпидемия сифатида малакаланди.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) маълумотларига кўра, 2023 йилнинг якунида Қозоғистон дунёда қизамиқ билан касалланганлар сони бўйича юқори учликка кирган эди. Қозоғистондан оғирроқ вазият фақатгина Яман ва Ҳиндистонда кузатилган.
CDC буни коронавирус пандемияси билан боғламоқда, чунки 2020- 2022 йилларда қизамиққа қарши 61 миллион доза вакцина ўтказиб юборилган ёки кечиктирилган.
ЖСТ ва Қозоғистонда қизамиқ эпидемиясини эмлашдан бош тортиш билан боғламоқда.
Қизамиқни даволаб бўлмайди, уни олдини олишнинг ягона йўли эмлашдир. Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 600 минг киши қизамиқга қарши режали эмлашдан ўтиши керак – бу эмлашдан ўтказиладиган бир ёшдан олти ёшгача бўлган барча болаларнинг 84 фоизини ташкил қилади.