Татаристон Олий суди Озодликнинг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашевани олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Associated Press агентлиги суд матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Курмашева суд томонидан Россия армияси тўғрисида “фейк” тарқатганликда айбдор деб топилган. Журналистлар Алсу Курмашевага нисбатан суд ҳукми 19 июль куни чиқарилганини урғулашмоқда.
Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Стивен Капус ҳукмни “одил судлов устидан кулиш” деб атаб, “ягона адолатли чиқиш йўли – бу Алсуни зудлик билан қамоқхонадан озод қилиш” дея билдирган.
“АҚШ фуқароси бўлган бу қадрли ҳамкасбимизнинг ўз севимли оиласи билан қовушиш вақти аллақачон етган”, деган Капус.
Алсу Курмашева 2023 йилнинг май ойи ўртасида оилавий шароити туфайли туғилган шаҳри Қозонга борган. 2 июнь куни у Прагага парвоз олдидан Қозон аэропортида қўлга олинган. Ундан АҚШ ва Россия паспорти олиб қўйилган (Алсу ҳам Россия, ҳам Қўшма Штатлар фуқароси бўлган).
Даставвал у иккинчи фуқаролик ҳақида Россия расмий идораларини хабардор қилмаганликда айбланиб, 10 минг рубллик жаримага тортилган. Кейинроқ Алсуга ўзини “хорижий агент” сифатида рўйхатга олишни сўраб, Россия расмийларига мурожаат қилмаганликда айбланган.
Орадан қарийб икки ой ўтгач, унга қарши Россия армияси тўғрисида “фейк” тарқатганлик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бунга Idel.Реалии таҳририяти томонидан чоп қилинган “Йўқолсин уруш. Украинага бостириб кирилишига қарши чиққан 40 нафар россияликнинг ҳикояси” (“Нет войне. 40 историй россиян, выступающих против вторжения в Украину”) китоби асос ўлароқ кўрсатилган.
Апрель ойи охирларида АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путинни Алсу Курмашева ҳамда Россиядаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилган The Wall Street Journal нашри журналисти Эван Гершковични озод қилишга чақирган. “Журналистиканинг жиноят эмаслиги мутлақо аниқ”, дея таъкидлаган Байден.
Шу йилнинг 25 апрелида Европарламент депутатлари Курмашева ва Гершкович дохил Россияда тутиб турилган сиёсий маҳбусларнинг барчасини “зудлик билан ва шартсиз озод қилиш”га чақирувчи резолюцияни маъқуллаган эди.
Алсунинг қўлга олиниши аввалроқ Канада, Чехия, Франция, Польша ва Швеция
ҳукуматлари, шунингдек, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили, Европа парламенти президенти, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари қоралаб чиқишган. Европа кенгашининг журналистика ҳимояси ва журналистлар хавфсизлигига кўмаклашиш платформаси Алсуни озод қилиш бўйича ўз чақириғини ёйинлаган.
Шу билан бирга, Amnesty International, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Freedom House, ПЕН-Америка, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро журналистлар федерацияси, Халқаро матбуот институти каби халқаро ташкилотлар ҳам Алсунинг қўлга олинишини қоралаб, уни зудлик билан озод қилишга чақиришган.