Ссылки доступа

Россиядаги ўрмонда ўлиги топилган ўзбек қизнинг оиласи Олий Мажлис назоратида бўлган


Шаҳзоданинг Озодликка берган интервьюси 2021 йилнинг апрелида ёзиб олинган.

Россия Тергов Қўмитаси 11 июль куни Ленинград вилоятидаги ўрмонда жасади топилган ўзбекистонлик 15 яшар қиз ва 20 яшар тожикистонлик йигитнинг ўлими юзасидан жиноят иши очди.

11 июль куни Ленинград вилоятининг Колпино тумани Понтонний қўрғони яқинидаги ўрмонда маҳаллий аҳоли вакиллари дарахтга осилган икки кишининг жасадини топишди.

Озодлик ўлганлардан бири Тошкент вилоятилик 15 ёшли Шокирова Шаҳзода Қудратилло қизи эканини аниқлади.

Муҳожир аёл охирги бир неча ой давомида Кисельня қишлоғида ўғли ва қизи билан яшаб келган, турли юмушларни бажариб кун кечирган.

Иккинчи жасад 20 яшар тожикистонлик меҳнат муҳожирига тегишли экани аниқланди. Маълум бўлишича, йигитнинг исми Жаҳон, у Тожикистоннинг Регар туманидан. Ҳодисадан бир кун ўтиб, Жаҳоннинг яқинлари ҳам топилгани маълум бўлди.

Россия Федерация Тергов Қўмитасининг Ленинград вилояти бўйича бошқармаси вакили Озодлик сўровига жавобан Жиноят Кодексининг 109 моддаси (эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабабчи бўлиш) асосида жиноят иши қўзғатилганини билдирди.

Терговни олиб бораётган ходим бир қанча фаразлар, жумладан йигит ва қиз ўз жонларига келишган ҳолда қасд қилган бўлишлари мумкинлиги кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Ўлганларнинг яқинлари Жаҳон ва Шаҳзода ўртасида яқин муносабатлар бўлганини инкор этмаса-да, нима сабабдан улар ўз жонларига қасд қилган бўлишлари мумкинлигини ҳатто тахмин ҳам қила олмаётганликларини айтишмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Нигора қизининг ўз жонига қасд қилмагани – уни ўлдириб кетишган, деб ишонишини айтди.

Шу йилнинг апрель ойида Озодлик Шаҳзода, унинг онаси Нигора ва вояга етмаган укаси тақдири тўғрисида “Мени ва қизимни зўрлаганлар озодликда юрибди” сарлавҳаси остида видеолавҳани эълон қилган эди.

Унда Тошкентнинг Ўртачирчиқ туманидан бўлган бу оила аъзолари шахсан Ўзбекистон президентидан ўзларидан "алдов йўли билан тортиб олинган" уйни қайтариб беришни сўрашган. Бир ўғил ва бир қизни ёлғиз ўзи вояга етказаётган муҳожир аёл бошпанасиз ва маблағсиз ўз юртига қайта олмаётганини айтган эди.

Мактаб ўқитувчиси бўлган Нигора Ўзбекистонда ёлғиз ўзи икки болани боқолмасдан қийналиб кетгани боис 2018 йилда фарзандлари билан Россияга келган. Петербургда Нигора Тожикистон ватандошлари бўлган икки шахс томонидан қаттиқ калтаклангани ва қизи билан бирга кичик ўғлининг кўзи олдида зўрлангани ҳақида ҳикоя қилади.

Терговчилар жиноятда айбланган шахслар ўша пайтда 12 яшар бўлган Шаҳзодани қўрқитиб, номусига тегиб келганини аниқлаган ва уларни қўлга олган.

Санкт-Петербург шаҳар Тергов қўмитаси 25 май куни жиноятчилардан бирига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 131 (зўрлаш) ва 127 (озодликдан ноқонуний тарзда маҳрум этиш)- моддалари асосида жиноят иши қўзғатганини хабар қилганди.

Бироқ номаълум сабабларга кўра, тез орада бу шахсларга нисбатан тергов ишлари якунланиб, улар қўйиб юборилди.

Нигора болларини олиб, Санкт-Петербургдан қочишга ва Ленинград вилоятининг Колпино туманида чекка қишлоқдаги фермада жон сақлашга мажбур бўлади.

Озодликда эълон қилинган видеолавҳадан кейин Ўзбекистондаги жамоатчилик бу оила муаммоларига эътибори қаратди. 19 апрель куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг расмий саҳифасида “Чет элда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаросининг мурожаати назоратга олинди” сарлавҳаси остида хабар эълон қилинди.

Унда Озодликнинг “Муҳожир аёл: Мени ва қизимни зўрлаганлар озодликда юрибди” номли видеоматериалда “Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва унинг икки фарзандига нисбатан содир этилган зўравонлик ҳаракатлари бўйича хабарлар акс эттирилгани” айтилган.

"Ушбу масала Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди. Ҳукуматнинг тегишли вазирлик ва идораларига тезкор сўровномалар юборилди. Ўрганиш натижалари юзасидан маълумот берилади”, дейилган расмий хабарномада.

Озодлик суриштирувига кўра, видеомурожаат чиқиши ортидан Ўзбекистондаги Санкт-Петербург консуллиги вакиллари улар билан алоқага чиққан, ишга жойлаштириш ва ётоқ-жой билан таъминлашни таклиф қилган.

Бироқ вақт ўтиши билан Нигора мутассадилар унинг қўнғироқларига жавоб бермай қўйгани ва унинг уй-жой масаласида қилган мурожаати яна пайсалга солиниб, оила Ленинград вилоятида қолиб кетганини билдирди.

Колпино туманида яшовчи бир гуруҳ тожик муҳожирлари Шаҳзоданинг жасадини ўликхонадан олиб чиқишга маблағ йиққанлари маълум бўлди.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консулхонасининг ўзини Мансур деб таништирган расмийси вазиятдан хабардор эканликлари ва Шаҳзода Шокирова жасадини Ўзбекистонга жўнатиш бўйича барча зарур ҳужжатлар ҳозирланаётганини маълум қилди.

Ҳали 16 ёшга кирмаган Шаҳзода Шокированинг жасади ҳозирча ўликхонада қолмоқда. Россия Тергов қўмитаси икки ёш муҳожир ўлими юзасидан тергов-суриштирув ишларини давом эттираётгани айтилади.

XS
SM
MD
LG