Ссылки доступа

Франция, Германия ва Италия раҳбарлари Киевга келди


Италия бош вазири Марио Драги, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Германия федерал канцлери Олаф Шольц Украинага етиб келди.

Драги, Макрон ва Шольц Киевга ташриф буюришни режалаштираётгани ҳақида 11 июнь, шанба куни Германиянинг Bild am Sonntag газетаси Украина ва Франция ҳукумат доираларидаги манбаларига таяниб хабар берганди. Кейинроқ журналистлар улар Украина пойтахтига 16 июнь, пайшанба куни эрталаб поездда етиб келишидан хабар топди.

Ушбу сафар ҳақида хавфсизлик юзасидан ҳеч қандай расмий ахборот тарқатилмаган.

Аввалроқ Europe 1 манбалари Макроннинг яқин ҳафталарда кутилаётган Киевга сафари ҳақида хабар берган эди. Радиостанция маълумотларига кўра, ушбу ташриф чоғида Франция раҳбари Украинага яна олтита 155 миллиметрли Caesar ўзиюрар артиллерия мосламалари топширилиши ҳақида эълон қилиши мумкин. Бундай қуролларнинг биринчи олтиталиги апрель ойининг охирида Киевга етказилган.

Апрель ойида La Repubblica ҳам Драгининг Украинага эҳтимолий ташрифи ҳақида ёзган эди.

Май ойида Шольц Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаердан олдин Киевга кела олмаслигини айтган эди. Штайнмаер апрель ойида Польша, Литва, Латвия ва Эстония президентлари билан бирга Украина пойтахтига келмоқчи бўлган, бироқ унинг Украинага ташрифи рад этилган. Билд манбаларига кўра, бунга Германия президентининг Россия билан «яқин алоқалари» ва «Шимолий оқим 2»ни қўллаб-қувватлаши сабаб бўлган.

Шольц Украинада жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери Киевга ташриф буюрмагани учун танқид қилинди. Украина элчиси Андрий Мельник «Германия сиёсатининг сустлиги» ҳақида гапирди, унинг фикрича, Россия босқини бошланганидан бери Германия федерал ҳукуматининг бирорта вакили ҳам мамлакатга ташриф буюрмагани шундан далолат беради.

XS
SM
MD
LG