Ссылки доступа

Сўхдаги масжид аҳли таровеҳ намозидаги рейддан ранжиганини айтмоқда


Фарғона вилоят, Сўх туман, Ҳазрати Али жоме масжидида таровеҳ намози ўқилаётган пайтда ИИБ ходимлари ҳамроҳлигида бир гуруҳ расмийлар ёш болаларни масжиддан қувиб чиқарди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган сўхликка кўра, масжид имоми ҳам расмийларни тўхтатиш ўрнига уларга қўшилиб болаларни ҳайдаган.

Ҳазрати Али МФЙ раиси Субҳонали Нишонов бундай воқеа бўлганини рад этди.

Мактаб директори эса, қуйи синф ўқувчилари дарсларга келмай ухлаб қолаётгани сабабли, уларни таровеҳ намозидан қайтариш ишлари олиб борилганини айтди.

Жорий йилнинг 10 апрель куни Сўх туманидаги Ҳазрати Али жоме масжидига, шу номдаги МФЙ раиси Субҳонали Нишонов, 5-мактаб директори Бахтиёр Полвонов ИИБ профилактика инспекторлари билан рейд уюштириб, таровеҳ намозига келган ёш болаларни масжиддан ҳайдаб чиқаргани ҳақида, шу воқеа гувоҳларидан бири Озодликка хабар берди:

“Ҳаммалари бир бўлиб бостириб кирди, намозни бузиб, масжид ичидан ёш болаларни итариб, бақир-чақир билан ҳайдаб юборишди. Ачинарлиси шундаки, булар етмагандек, масжид имоми уларни тўхтатиш ўрнига уларга қўшилиб, болаларни ҳайдаб юборишди. Барча масжид ва маҳалла аҳли бу воқеадан хафа бўлишди ва хавотирдалар”.

Ҳазрати Али МФЙ раиси Субҳонали Нишонов Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам шундай таклиф киритганини тасдиқлаб, унинг сабабини бундай изоҳлади:

"Мен беш йилдан бери шу маҳалланинг раисиман. Ҳар йили қишлоғимиздан битта-иккита ёш йигит Сурияга, Туркияга илм оламан, деб кетяптию, қайтиб келмаяпти. У йигитларнинг хотинлари, оналари менинг олдимга йиғлаб келишади. Тўртинчи синфда ўқийдиган бир боланинг отаси қамоқда, мен унинг уйига эҳсон тарқатиб борганимда онаси йиғлаб, ўғлим ярим кечаси масжиддан келади, дарс қилмай ухлаб қолади. Бу дарсдан қолиб кетяпти. Шунга маҳалла бир ҳаракат қилинглар, болалар ўқисин, илм олсин, деди. Шуларни ўйлаб Кенгашга бошланғич синф ўқувчиларини таровеҳ намозига киритишни вақтинча тақиқлаш” масаласини киритганман. Бу фақат таклиф эди. Ёш болалар учун. Фақат таровеҳ намозига. Қолган беш вақт намозга қаршилигим йўқ. Бу фарз қилинган, алҳамдулиллаҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз”.

5-умумтаълим мактаби директори Бахтиёр Полвонов ҳам 10 апрель кунги рейдда қатнашганини тасдиқларкан, намозни бузди, деган даъволар ёлғон эканлигини айтади:

“Биз масжиднинг ичига кирмадик, эшикнинг тагида турдик. 1-5 синф ўқувчиларини ҳақиқатдан қайтариб турдик. Улар кечаси соат 11 яримгача масжидда бўлишади, уйига бориб ухлагунча соат 12 дан ошади. Эрталабки дарсларга кеч қоладиган, келмайдиган бўлиб қолишди. Имомлардан илтимос қилдикки, шундай кичик ёшдаги болаларни кечга қолдирмасин. Болалар аввало илм олиши керак, бунинг нимаси ёмон?”

Сўх туманидаги учта МФЙ “диний фон” юқори бўлган қизил ҳудудга ва яна учта МФЙ сариқ ҳудудга киритилган. Болалар масжидга қўйилмаган Ҳазрати Али МФЙ ҳам қизил ҳудудга киритилган.

АҚШ Давлат департаментининг 2021 йилдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани қайд этилди.

Ўзбекистонда ёш болаларнинг масжидларга қўйилмаслиги, талаба-ўқувчи қизларнинг ҳижобда дарсларга қўйилмаслиги инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан танқид қилиб келинади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 5 июль куни янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди.

Қонунда жамоатчиликка 2014 йилда ваъда қилинган энг муҳим ўзгариш - жамоат жойларида ибодат либосида юришга қўйилган тақиқ ҳақидаги жумланинг тўлиқ олиб ташлангани бўлган эди.

Бундан ташқари, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ўз фарзандига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида) ўргатиш ҳуқуқи берилди.

XS
SM
MD
LG