Ссылки доступа

Доналд Трамп Х тармоғида Илон Маскка интервью берди


Сиёсатчи ва бизнесмен турли мавзуларни муҳокама қилди, шунингдек, «бир-бирларига мақтов ёғдирди», деб ҳисоблайди маҳаллий ОАВ.

АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп миллиардер Илон Маскка икки соатлик интервью берди. Суҳбат Маскнинг Х платформасида бўлиб ўтди.

Суҳбат техник муаммолар туфайли 40 дақиқа кечикиш билан бошланди. Сиёсатчи ва бизнесмен турли мавзуларни муҳокама қилди, шунингдек, «бир-бирларига мақтов ёғдирди», деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.

Трамп, хусусан, сайловолди кампаниясининг асосий фикрларини такрорлаб, АҚШнинг амалдаги маъмуриятининг иммиграция сиёсатини танқид қилди ва Демократик партиядан номзод Камала Ҳаррисни «қобилиятсиз» деб атади.

Шунингдек, улар АҚШнинг энергетика сиёсати, иқлим ўзгариши ва ядро уруши таҳдидини муҳокама қилди. Трамп демократларни АҚШ президенти Жо Байденнинг сайловдан чиқиш қароридан сўнг давлат тўнтаришида айблади, бироқ бу ҳақда ҳеч қандай далил келтирмади.

Трамп, шунингдек, Россия президенти Владимир Путин, Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни мақтаб, уларни «ўйинининг энг юқори чўққисида» деб атади.

Сиёсатчи ва бизнесмен суҳбат чоғида «бир-бирларига мақтов ёғдирди». Маск июль ойида ҳаётига суиқасд пайти кўрсатган жасорати учун Трампни мақтаган бўлса, аввалроқ электромобилларни танқид қилган Трамп Tesla электрокарларини «ақл бовар қилмайдиган» деб таърифлади. Маск, шунингдек, Трампга «ҳукумат самарадорлиги»га йўналтирилган янги президент комиссиясини тузишни ва унга ўзини раҳбар этиб тайинлашни таклиф қилди. Трамп тезликда шундай жавоб берди: «Жоним билан».

«Менимча, биз цивилизация тақдирида икки айро йўл орасида турибмиз ва, менимча, биз тўғри йўлни танлашимиз керак ва, ўйлайманки, сиз — тўғри йўлсиз», — деди Маск Трампга интервью якунида.

Трамп бир йил ичида илк бор 13 август куни бир қатор постлар билан Х’га қайтди. У 2021 йилда 2020 йилги президентлик сайловлари натижалари тўғрисида ёлғон маълумот тарқатгани ва Капитолийга бостириб киргани ортидан платформадан четлатилган эди. Маск 2022 йилда ижтимоий тармоқни сотиб олиб, дарҳол Трампнинг аккаунтини тиклаган, бироқ собиқ президент ўша вақтга келиб Truth Social’ни ишга туширган ва қайтмаганди.
Дунёнинг энг бой одами Маск сиёсатчига суиқасд уюштирилганидан кўп ўтмай Трампни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Маск 2020 йилда Демократик президент Байденни қўллаб-қувватлаган, бироқ ўшандан буён «сиёсий ўзгаришларни бошдан кечирди» ва трансгендерлар ҳуқуқлари, иммиграция ва Байден маъмуриятининг Tesla’га нисбатан муносабати сабаб демократлардан ғазабланади.

XS
SM
MD
LG