Ссылки доступа

Марказий Осиёда мудофаага харажатлар ўсмоқда


Марказий Осиё давлатлари ўзгариб бораётган геосиёсат фонида ҳарбий эҳтиёжларга харажатларни оширди, деб ёзмоқда Ғарб матбуоти.

Марказий Осиё давлатлари минтақада ва Украинада ҳарбий можаролар кучайиши фонида мудофаа бюджетини оширмоқда. Экспертлар бу чора барқарорликни оширишига шубҳа қилмоқда, дейилади "Америка овози" радиостанцияси сайтида эълон қилинган мақолада.

Стокголм халқаро тинчлик муаммоларини ўрганиш институти маълумотларига кўра, ўтган йили Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон мудофаа соҳасига 1,8 миллиард доллар сарфлаган. Ўзбекистон ва Туркманистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) қанча қисмини мудофаага сарфлаши маълум қилинмагани учун ҳисоботга киритилмаган.

ОАВ маълумотларига кўра, ўтган йили Қозоғистон ялпи ички маҳсулотининг ярим фоизини мудофаа учун йўналтирган (ялпи ички маҳсулотнинг умумий ҳажми 259,7 миллиард долларни ташкил этган). Йил давомида бу кўрсаткич 8,8 фоизга ошди. Ялпи ички маҳсулоти 13,9 миллиард долларга яқин бўлган Қирғизистон мудофаа учун бир ярим фоиз, 12 миллиард долларлик Тожикистон эса армия учун бир фоиз маблағ сарфлади.

Минтақадаги расмийлар харажатларнинг ошишини Украинадаги уруш, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги можаро, Марказий Осиёдаги чегара низолари ва Афғонистондаги беқарорлик каби омиллар билан изоҳламоқда.

Марказий Осиё тадқиқотчиси, журналист Питер Леонарднинг фикрича, харажатларнинг ўсиши қисман обрў-эътибор билан боғлиқ, чунки авторитар етакчилар қимматбаҳо қуролларни намойиш қилишни яхши кўришади. "Биз буни Туркманистонда яққол кўряпмиз, у ерда амалдорлар ҳар йили ўтказиладиган ҳарбий намойишлар чоғида Хитой, Европа ва бошқа мамлакатлардан янги қурол-яроғ ва техникаларни намойиш қилмоқда. Биз бу тенденцияни бутун Марказий Осиёда кўриб турибмиз," - дейди у.

"Америка овози"нинг ёзишича, Марказий Осиёда милитаризациянинг кучайиши геосиёсий вазиятнинг ўзгарганидан далолат беради. "Россия етовидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти тарихан Марказий Осиёда хавфсизлик масалаларида муҳим роль ўйнаган. Бироқ сўнгги йилларда Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Хитой, Германия, Франция ва Беларус каби бошқа хорижий давлатлар ҳам Марказий Осиё республикаларининг ҳарбий ҳамкорларига айланди."

Леонарднинг фикрича, минтақа мамлакатларида ҳарбий харажатларнинг кўпайиши Марказий Осиёда сиёсий барқарорликни оширишга қодир эмас.

"Агар Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари сиёсий ислоҳотлар, пастдан босимни юмшатиш воситаси бўлиб хизмат қиладиган институтларни яратиш каби масалаларга етарлича эътибор бермай, қуролли кучларни ўз мамлакатларида барқарорликни мустаҳкамлаш калити сифатида қабул қилса, уларни ёқимсиз сюрприз кутиши мумкин, - дейди Леонард мақолада. - Масалан, Қозоғистон ўз армиясига катта миқдорда маблағ сарфламоқда. Аммо бу бутун мамлакатни ларзага солган 2022 йил январидаги умуммиллий норозилик намойишлари каби воқеаларнинг олдини ола оладими?"

XS
SM
MD
LG