Япония бош вазири Фумио Кисида Марказий Осиёга ташрифи чоғида минтақа давлатлари етакчилари билан учрашади ва иқтисодий ёрдам пакетини ошкор этади, деб ёзади Japan Times.
Токио Каспий денгизи орқали Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган савдо йўлини ривожлантиришга ёрдам бермоқчи.
Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ёки Ўрта йўлак деб ном олган ушбу йўл Хитойнинг "Бир макон - бир йўл" ташаббуси доирасида татбиқ этилмоқда. У Россияни четлаб ўтади.
Нашрнинг ёзишича, Токио ушбу йўналишни қўллаб-қувватлаш орқали Марказий Осиё мамлакатларининг Россиядан иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашга умид қилмоқда.
"Токио барқарор иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш орқали Хитой ва Россия таъсиридаги минтақа билан муносабатларни мустаҳкамлаш ниятида," - дея ёзади Japan Times.
Япония Бош вазири декарбонизация ва Марказий Осиёдан малакали мутахассисларни Японияга ишга жалб қилиш масаласини муҳокама қилади.
Кисиданинг Марказий Осиёга ташрифи 9-12 август кунлари бўлиб ўтади. У Ўзбекистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга ташриф буюради. Остона шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония саммити бўлиб ўтади.
Расмий маълумотларга кўра, 2023 йилда Қозоғистон ва Япония ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,1 миллиард долларни ташкил этган. Қозоғистоннинг Японияга экспорти 600 миллион долларни, импорти эса бир ярим миллиард долларни ташкил этади. Япониянинг Қозоғистонга инвестицияларининг умумий ҳажми 7,8 миллиард доллардан ошади.
Токио Каспий денгизи орқали Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган савдо йўлини ривожлантиришга ёрдам бермоқчи.