Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 29 апрель куни Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григоревга норозилик нотасини берди.
ТИВ ўз баёнотида “РФ ҳудудида Тожикистон фуқароларига нисбатан намойишкорона салбий муносабат кўрсатилаётгани ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенг миқёсда бузилаётганидан" жиддий хавотир билдирган.
Россия томонининг муносабати ҳозирча номаълум, бироқ икки кун аввал Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова чегарадаги муаммолар "Крокус Сити Холлдаги терактидан кейин давом этаётган террорчилик таҳдиди туфайли хавфсизлик чораларини кучайтирилгани билан боғлиқ" эканлигини иддао қилган.
Бугунги кунда юзлаб тожикистонликлар Россия-Қозоғистон чегарасида ва Москва аэропортларида ушлаб турилибди.
“Чегарада ушлаб туриш фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилмоқда, бу Тожик-Россия муносабатлари руҳи ва анъаналарига тубдан мос келмайди”, дейилади ТИВ нотасида.
Тожикистон ва Россия стратегик шерик саналади. Тожикистон аксар ҳолларда Кремль сиёсатини қўллаб-қувватлаб келган. Россиянинг энг йирик ҳарбий базаси ҳам Тожикистонда жойлашган.
Москвадаги Crocus City Hall саройига ҳужумдан сўнг Россияда ксенофобик кайфиятлар янада кучайиб кетди. Хусусан, Россияда доимий яшаётган ёки вақтинчалик меҳнат қилаётган тожикистонликлар тобора кўпроқ ксенофобик ҳуружлар нишонига айланмоқда.
Вазият шу даражага етган-ки, Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси меҳнат муҳожирларини уйдан чиқмай туришга чақирган. ТИВ ҳам тожикистонликларга Россияга бормай туришни тавсия қилмоқда.
Россиядаги кўплаб тожикистонликлар ватанига қайтиш ниятида. Бироқ, Россияда фуқароликни олган ва ўз тақдирини у билан боғлаган юз минглаб тожикистонликлар ҳам мавжуд. Аксил-муҳожир кайфиятлар кундан кунга кучайиб бораётган рус жамиятида муҳожирларнинг ҳолати беқарорлигича бўлиб қолмоқда.
Тожикистон ТИВи Россия элчисига норозилик нотасини берди
Москвадаги Crocus City Hall саройига ҳужумдан сўнг Россияда ксенофобик кайфиятлар янада кучайиб кетди. Хусусан, Россияда доимий яшаётган ёки вақтинчалик меҳнат қилаётган тожикистонликлар тобора кўпроқ ксенофобик ҳуружлар нишонига айланмоқда.