Ссылки доступа

Украина ТИВ портларнинг қуршовдан халос қилиниши бўйича шартларни очиқлади


Украина Ташқи ишлар вазирлиги ғаллани экспортга чиқариш учун украин денгиз портларини қуршовдан халос қилиш масаласида баёнот берди. Унда, жумладан, шундай дейилган:

“Россия яқинда Николаевдаги ғалла терминалига ракета зарбалари бергани эътиборга олинса, у ғалла ташиш учун очилажак йўлакдан Одессага ва Украина жанубига ҳужум қилишда фойдаланиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис кемачиликни тиклаш учун бизга таъсирчан хавфсизлик кафолатлари зарур. Бунақа кафолатлар Украинага соҳилни денгиздан бўладиган хавф-хатардан ҳимоя қилувчи қуролларни етказиб бериш ва Қора денгизнинг тегишли қисмида навбатчилик қилиш учун учинчи мамлакатлар ҳарбий-денгиз кучларини жалб этиш орқали тақдим этилиши лозим”.

Баёнотда урғуланишича, Украина Туркиянинг украин портларини очишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қадрлайди, бироқ айни пайтда бу борада ҳеч бир келишув мавжуд эмас.

Аввалроқ Bloomberg агентлиги Туркия билан Россия украин портларини қуршовдан халос қилиш масаласида дастлабки келишувга эришгани, унга мувофиқ Россия гўё портлар миналардан тозаланганидан сўнг уларга ҳужум қилмаслик мажбуриятини олгани ҳақида хабар қилган. Россия портларга ҳужум қилмаслиги хусусида Россия президенти Владимир Путин ҳам гапирган. 7 июнь куни Туркияга Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров борган. Томонлар украин портларини қуршовдан чиқариш масаласида музокара ўтказиши кутилмоқда.

БМТ ва кўплаб мамлакатлар Россия бостириб кирганидан сўнг Украинадан денгиз орқали ғалла ва бошқа озиқ-овқат хомашёсини ташиш имконсиз бўлиб қолганидан хавотир олмоқда. Савдо йўлларининг тўсилиши жаҳон бозорида ғалла танқислашувига ва оқибатда қатор мамлакатларда очарчилик бошланишига олиб келиши айтиляпти. БМТ Хавфсизлик кенгашининг ўтган кунги йиғилишида ЕИ ва АҚШ вакиллари Россияни инқирозли вазиятни вужудга келтиришда айблашган.

XS
SM
MD
LG