Ссылки доступа

Полиция мигрантларни 48 соат ичида Россиядан чиқариб юбориш ҳуқуқига эга бўлмоқда


Ҳозирда бу муддат 90 кунни ташкил этади.

Россиядан маъмурий тарзда чиқариб юборилиши керак бўлган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни сақлаш муддати 48 соатгача қисқартирилмоқда. Ҳозир бу муддат 90 кунни ташкил этади. Тегишли тузатишлар чет эл фуқаролари учун миграция режимини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишига киритилади, деб ёзади ТАСС.

Мигрантларни чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг улар мамлакатда икки кундан ортиқ қолишлари мумкин бўлмай қолади. Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишда ички ишлар органларига хорижликларни Россиядан чиқариб юбориш ҳуқуқини бериш таклиф қилинганди. Депутатлар бу тузатишларни қабул қилдилар.

Мамлакатдан чиқариб юбориш учун суднинг махсус қарори талаб қилинмайди. Масалан, куни кеча Ички ишлар вазирлиги Олтой ўлкасида тенгдошига тупурган ўсмирнинг оиласи мамлакатдан чиқариб юборилгани ҳақида хабар берди. Оилага Россияни тарк этиш учун 15 кун берилди.

Аввалроқ, Россия Ички ишлар вазирлиги хорижликларни мамлакатдан бадарға қилиш бўйича Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексига яна 20 та модда киритишни таклиф қилган эди.

Қайд этилишича, хорижликлар Россия ҳудудида йилига 235 мингга яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишади.

Вазирлик маъмурий кодексга киритишни таклиф қилаётган 20 та модданинг аксарияти жамоат тартиби ва хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқларни муҳофаза қилишга, шу жумладан экстремизм кўринишларига қарши курашишга қаратилган.

“Бу хорижлик фуқароларнинг Россиядан мажбуран чиқариб ташлаш тезкорлигини оширишга имкон беради”, дейилган ИИВ баёнотида.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида маъмурий жазолашнинг превентив функциясини кучайтириш мақсадида миграция тартиб-қоидаларини бузган жисмоний шахслар учун маъмурий жарималар миқдорини ошириш ҳам кўзда тутилмоқда.

XS
SM
MD
LG