Ссылки доступа

"Янги Ўзбекистон" массивлари. Мирзиёев уйлари "хрушчёвка"ларга қиёсланди


Фарғона туманида қурилаётган "Янги Ўзбекистон" массиви лойиҳаси.
Фарғона туманида қурилаётган "Янги Ўзбекистон" массиви лойиҳаси.

Фарғона вилоятида Мустақилликнинг навбатдаги санасига 3 та “Янги Ўзбекистон” массивини қуриб битказиш режаланмоқда.

Жумладан, Фарғона туманига қарашли, Илғор массивидаги қурилиш штабига кўра, ҳали смета қиймати тасдиқланмаган ва давлат ҳисобидан қурилаётган уйларнинг аксари “сотиб бўлинган”.

Бу уйлардан бирига харидор бўлган фарғоналик, 10 ойда битадиган уйнинг сифатидан хавотирда экани, аммо бошқа танлов йўқлиги боис бу шартга розилигини айтди.

Экспертлар, Мирзиёев ташаббуси билан шоша-пиша қурилаётган арзон массивларни собиқ иттифоқ давридаги “бетон хрушчевкалар”га қиёсларкан, уйларнинг сифати ва чидамлилигига шубҳа билдирмоқда.

Бундан ташқари, бу уйлар қурилиши учун махсус очилган 6 та қурилиш кластери фаолияти ҳам шаффоф эмаслиги айтилмоқда.

Уйларнинг 1 сентябрь – Мустақиллик байрамига битиши ваъда қилинмоқда. Харидор 10 ойда битадиган уйларнинг сифатидан хавотири борлиги, аммо яшаса бўладиган уй бўлишига умид қилишини айтади:

“Ҳозир қурилиш бошланган, 3 массивдаям. Битириб ташлашади, чамамда. Энди сифати яхши бўлар. Ҳозир одамлар ҳам қаттиқ туриб оляпти. Кейин бошқа бунақа вариант ҳам йўқда. Фоизсиз, субсидия билан оласиз, кейин 120 ой тўлаб берасиз. Сифатиниям яхши қилиб қуриб беришар”.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг Қурилиш бўлимидан олинган маълумотга кўра, шу кунда қурилиш жойида кечаю кундуз штаб ишламоқда, бир вақтнинг ўзида тураржой массивлари ва сунъий кўли бўлган парк қурилмоқда.

Ҳокимлик мутасаддилари, кўп қаватли тураржой биноларининг 100 га яқинини сентябрга қадар битириш кўзланаётганини тасдиқлади.

Фарғона шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, ҳозирга қадар 100 га яқин кўп қаватли уй қурувчи ширкатларга тақсимлаб бўлинган ва булар Фарғона шаҳри, вилояти ҳамда водийсида турар-жой, маъмурий ёки ишлаб чиқариш биноларини қурган ширкатлардир.

“Уйлар таклиф қилинди, қуришни истаган ширкатлар орасида танлов бўлиб, танлаб олинди. Яна 3 та боғча, 2 та мактаб ва битта поликлиника ҳам бор. Тўлиқ давлат ҳисобидан қурилади, кейин аҳоли уйларнинг пулини 10 йилда тўлаб беради. Ҳали смета қиймати тўлиқ тасдиқлангани йўқ. Лекин кўпи билан 270-300 миллионлик уйлар, халққа оғирлик қилмайдиган нархда”.

Мулозим қурувчи ширкатлар ҳамда уларнинг танлови ҳақида аниқ маълумот беролмаслиги, аммо тегишли тартибда сўровнома йўлланса, тендерга оид барча маълумот ОАВ га тақдим қилинишини айтди. Бу қадар катта масштабдаги қурилишни 10 ойда битириш мажбуриятидан ташвишланишга ҳожат йўқ, деб таъкидлади:

“Ширкатлар реестрдаги балли, тажрибасидан келиб чиқиб, тендер асосида танлаб олинди. Ҳаммаси қурилиш 1 та ёки 2-3 та компанияга берилади, деган гап йўқ. Қура оламан деган, тажрибаси етарли қурувчилар. Ҳозир уй қуриш технологиясиям ривожланиб кетган. Тезлаштир-тезлаштир бўлиб турганда қурувчилар ишни чала қилиб кетиши учраб қолади. Энди тепасида турилади-да. Ҳозир олувчилар ҳам қаттиқ бўлиб қолган, пулини тўлашдан бош тортиши мумкин. Шунинг учун, қурувчи ширкатларам ишига қараяпти ҳозир”.

Фарғона шаҳридаги кўп қаватли тураржой биноларига хизмат кўрсатувчи ширкатлардан бирининг раҳбарига кўра, унинг назарида ҳозирча қурилиш жараёни "яхши кетмоқда".

“Куни кеча йиғилиш бўлди, ҳокимиятда. Қурувчиларнинг салоҳиятига қараб бўлиб беришибди, 93 та кўп кўпқаватли уйни 1 сентябрга топшириш керак экани. Энди тезлаштириб қурамиз, дейишгани сифат учун яхшимасу, лекин талаб катта. Ҳозир шаҳарда урбанизация катта. Харидор жуда кўп. Мен ҳам харидор бўлиб, маҳаллага чиқсам, Алоқа банк ёки Халқ банкидан ҳисоб очиб, кейин танлаган уйингизни ёзилиб қўйинг, 10 йилда тўлайсиз, дейишди. Қурувчилар ҳам ўзимизникилар экан. Энг кўпи 7 дона уй қурлишини олган ширкат, «Файз бундёкор», деган ширкат, фарғоналик Бахтиёржон деган қурувчида. Бу бола ўзимидаги Санъат саройини қурган. Қолган ширкатлар 2 ёки 1 тадан уй олишди, деб айтишди мажлисда. Унақа ҳаммасини оптом битта ширкатга беришмаяпти экан», деди исми очиқланишини истамаган домком.

Унинг айтишича, тураржой массивлари билан бир пайтда, яшил парк ва сунъий кўл қурилиши ҳам бошланган, дарахтлар эса президент сайловидан ўтибоқ, экила бошланган:

“Дарахтлар экиб бўлинди қарийб. Эски одатга кўра, ҳозир бизга ўхшаган ширкатларга ҳам солиқ солишса керак: “фалонча дарахт экиб берасизлар”, деб тургандик. Йўқ, ҳозирча чақиришмади. Лекин, Илғор бу массивлар учун яхши жой бўлди. Ўртадан анҳор ўтади, икки томонига “Эко шаҳар” қилишяпти, кўл ҳам қилишяпти. Мен бу жойларни биламан, агар охиригача инсоф билан қуриб беришса, яхши шаҳарча бўлади”.

Ўтган йил октябрида иккинчи муддат президентликка сайланган Шавкат Мирзиёев фарғоналик сайловчилар билан учрашувда Фарғонада 300 гектар майдонда 40 минг аҳолига мўлжалланган замонавий «Эко шаҳар» қурлишини ваъда қилган эди.

2021 йилнинг декабрида эса қайта сайланган президент, мамлакат бўйлаб, туман (шаҳар) марказларига яқин ва уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда жами 29 та “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши тўғрисида фармон имзолади.

Ўтган йил 3 март куни президент Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантиришга оид видеоселекторда: "2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлашимиз зарур", деган эди.

26 мингдан ортиқ оила учун квартирали жами 45 мингта уй қурилишига, Молия вазирлиги томонидан тижорат банклари учун 8,1 трлн сўм ажратилиши айтилган.

2022 йилги режага кўра, 43 минг оилага кредит ажратиш ва бунинг учун 15 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтириши айтилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилдан 2020 йилгача Ўзбекистонда барча вилоят, шаҳар ва туманлар бўйлаб, 140 000 мингта уй-жой барпо этилган.

Президент Мирзиёевнинг ўзи сифатсиз қурилишлар учун коррупцияни айблаган ва қурилиш соҳаси мамлакатдаги энг коррупциялашган соҳалардан бири эканини эътироф этган эди.

Президент қурилиш соҳасида оддий "кранчилар" дан тортиб, малакали мутахассилар, муҳандисларнинг етишмаётгани ҳақида гапирган.

XS
SM
MD
LG