15 июль куни Каспий денгизининг туркман акваториясидаги нефть платформасида ёнғин содир бўлди. Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтган Dragon Oil компаниясига тегишли нефть платформасида содир бўлган ёнғин оқибатида ўнлаб одамлар жароҳатланган.
Бу ҳақда "Озодлик" радиоси мухбири нефть платформаси ходимлари ва Туркманбоши шаҳрининг аҳолисига таяниб хабар берди.
Туркманбошилик фуқаронинг айтишича, 15-16 июлга ўтар кечаси у Каспий денгизида уч соат давомида ёниб турган улкан оловни кўрган.
"Озодлик" таҳририяти платформадаги ёнғин ҳақида биринчи хабарни тахминан икки ҳафта олдин олган, бироқ бошқа мустақил манбалардан олинган маълумотларни тасдиқлай олмагани учун уни эълон қилмаган.
Dragon Oil компаниясининг бир нечта ходимлари воқеа ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади ва унинг баъзи тафсилотларини айтиб берди.
Уларнинг сўзларига кўра, 15 июль куни ярим тунда нефть платформасида портлаш содир бўлган. 38 нафар ходимдан 25 нафари яраланган, бир нечтаси ҳалок бўлган. Қутқарув қайиқлари ёниб кетган, ёрдам 2 соатдан кейин етиб келган. Компания ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатди ва жабрланганларни даволаш учун хорижий шифокорларни таклиф қилди.
Давлат томонидан қатъий назорат қилинадиган расмий ОАВ ҳам Каспий денгизидаги нефть платформаси ёнғини ҳақида хабар бермаган.
Авария ҳақида 1 август куни Turkmen.news мустақил нашри ҳам ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, LAM-28 нефть платформасида содир бўлган ёнғин бўйича ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Ёнғин оқибатида 20 га яқин киши куйган, улар зудлик билан эвакуация қилинган," - дейилади нашр хабарида.
Туркманистон ҳукумати ва маҳаллий ОАВ одатда мамлакатдаги техноген офатлар ва табиий офатлар ҳақида хабар бермайди.
Dragon Oil компанияси Туркманистонда 20 йилга яқин фаолият юритиб, 8 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган.
Давлат томонидан қатъий назорат қилинадиган расмий ОАВ ҳам Каспий денгизидаги нефть платформаси ёнғини ҳақида хабар бермаган.