Ссылки доступа

ЕХҲТ кузатувчи миссияси Украинани бутунлай тарк этади


Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Украинадаги мониторинг миссияси 1 апрелда тугаган Москва мандатини узайтиришдан бош тортгач, ўз фаолиятини якунлаганини эълон қилди.

ЙХҲТнинг амалдаги раиси, Полша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау ва ташкилот бош котиби Ҳелга Мария Шмид Россия позицияси бошқа танлов қолдирмаганидан афсусда эканини билдирди.

Аввалроқ Россиянинг ЕХҲТдаги доимий вакили Александр Лукашевич россиялик мутахассислар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Украинадаги махсус кузатув миссиясидан «шунчаки сиқиб чиқарилган»ини даъво қилганди. У, шунингдек, бошқа мамлакатлардан келган миссия вакилларини можаро пайтида Украина томонига ёрдам беришда, жумладан, Азов батальонига зирҳли техникаларни топширишда айблади.

Кеча Россия ЕХҲТни Россия ва россияпараст кучларнинг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни Ғарб ва Украина разведка хизматларига узатганликда айблади.

ЕХҲТнинг Украинадаги махсус кузатув миссияси ўз ишини 2014 йилда мамлакат шарқида Кремль томонидан қўллаб-қувватланган «ДХР» ва «ЛХР» сепаратистлари иштирокида бошланган қуролли тўқнашувдан сўнг бошлаган эди.

ЕХҲТ можарони бевосита кузатиб борган, жойларда маълумот тўплашда иштирок этган, сулҳ ўрнатишда воситачи бўлган ва тинч аҳолига можаро оқибатларини енгиллаштириш учун ҳамма нарсани қилган ягона халқаро ташкилот эди, деди Рау.

Украинадаги миссия энг йирик ҳисобланган. Мамлакатда 814 нафар халқаро ва 477 нафар маҳаллий ходимлар ишлаган. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг деярли барча кузатувчилари Россия босқинчилиги бошланганидан кейин, февраль ойида Украинадан олиб чиқиб кетилган, бироқ миссиянинг маъмурий ходимлари ўз ўрнида қолган, шундан сўнг улардан тўрт нафари қўлга олинган.

ЕХҲТ таркибига 57 давлат, жумладан, Россия ва Украина киради.

XS
SM
MD
LG