Шу билан бирга, препаратнинг эҳтимолий ножўя таъсирлари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш сифатига доир саволлар ҳамон очиқ қолаётгани қайд этилган.
Дунёда COVID-19 вирусига қарши биринчи вакцина сифатида рўйхатга олинган “Спутник V” қарийб 70 мамлакатда қўлланади, аммо у ҳануз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан маъқулланмаган.
Чет эллик кўплаб эпидемиологлар ва биологлар Россия препаратини жуда шошилинч — одамларда ўтказилган синовларнинг биринчи ва иккинчи босқич натижалари эълон қилинишидан бир ой олдин рўйхатга олингани учун танқид қилишади.
Май ойида тиббиёт соҳасидаги энг обрўли нашрлардан бири бўлмиш The Lancet журнали очиқ хат эълон қилиб, унда “Спутник V” вакцинасининг клиник синовлари ҳақидаги мақолаларни танқид остига олган, синовлар шаффоф бўлмаганини урғулаган эди. Хатда препаратнинг самарадорлигига шубҳа билдирилган. Ундан аввалроқ “Спутник V”ни ишлаб чиққан Россиянинг Гамалея номидаги илмий-тадқиқот институти вакцина самарадорлигини 91 фоиздан ортиқ, дея баҳолаган эди.
Бошқа мамлакатларда ўтказилган тадқиқотлар натижалари ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлиши муносабати билан Россия вакцинасининг самарадорлигига оид шубҳа-гумонлар тарқади, дейилади Nature мақоласида.
Мақола муаллифи Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Аргентинада тўпланган маълумотларни келтиради. Хусусан, БААда препаратни икки дозада қўллаш самарадорлиги 81 минг кишида текширилган. Россия вакцинасининг самарадорлиги COVID-19 симптомларини бартараф этиш бўйича 97.8 фоизни, оғир хасталикларнинг олдини олиш бўйича эса 100 фоизни ташкил этган.
Аргентина соғлиқни сақлаш вазирлиги “Спутник Лайт”нинг бир дозаси симптоматик инфекцияни 78,6 фоизга, мазкур инфекция билан беморларни касалхона ётқизиш ҳолатларини 87.6 фоизга камайтиришини маълум қилган. Ушбу маълумот ёши 60 дан 79 гача бўлган 40 мингдан ортиқ эмланган ва 146 минг нафар эмланмаган фуқароларни текширувдан ўтказиш орқали олингани айтилмоқда.
Мақолада, шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳеч қайси мамлакатда Россия вакцинаси билан эмлангандан кейин тромбоз қайд этилмагани хабар қилинади. Аргентина, Бразилия ва Сан-Маринода ўтказилган тадқиқотлар чоғида “Спутник V” билан эмлашнинг бирон оғир оқибатлари аниқлангани ҳақида хабар қилинмаган (аслида Аргентинанинг Россия вакцинаси қўлланишига доир ҳисоботларида иккита тромбоз ҳолати тилга олинган — “Озодлик”).
Бугунги кунда “Спутник V” 67 мамлакатда қўлланмоқда. Бу дегани, жиддий ножўя таъсирлар ҳақидаги ҳисоботлар, агар шунақа ҳоллар кузатилган бўлса, муқаррар равишда дунёга маълум бўлади, дейилади мақолада.
Nature журнали саволга тутган экспертлар, ЖССТ ва Европа тиббиёт агентлиги (ЕМА) вакцинанинг Россияда қўлланиши бўйича олиб борилган ножўя таъсирлар мониторинги натижаларидан хавфсираб, Россия вакцинасини рўйхатга олишни пайсалга солаётган бўлиши мумкинлигини айтишган.
ЖССТнинг маъқуллаши препаратнинг камбағал давлатларга вакцина етказиб беришни назарда тутувчи COVAX глобал ташаббуси доирасида кенг тарқалиши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.