“Gazeta.uz” нашрининг ёзишича, Тошкентда ҳам кичик миқёсда бўлса-да Навальнийни хотирлаш акциялари ўтказилган. Хусусан, “Шаҳидлар хотираси” хиёбони, Россия элчихонаси, “Россотрудничество”, украин шоири Тарас Шевченко ҳайкали ва Космонавтлар майдонига гуллар қўйилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “Шаҳидлар хотираси” хиёбонига келган ўнлаб одамларнинг гул қўйишига тўсқинлик қилмаган, аммо ёдгорлик ёнида турмаслик ва шам ёқмасликни сўраган.
“Яна бир киши гуллар билан бирга Навальнийнинг суратини олиб келган, бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “сиёсатни бу ерда бошламаслик”ни сўраб, уни ёдгорлик ёнида қолдиришга рухсат бермаган. Эътирозларга жавобан Миллий гвардия вакили “уни биз ўлдирмаганмиз” деб таъкидлаб, йиғилганларга сиёсатчи учун уйида мотам тутишни таклиф қилди”, деб ёзади нашр.
“Шу пайтга қадар уни ўлдириш учун кўп уринишлар бўлди. Мана, охири ўлдиришди. Уни махсус усулда ўлдиришганини тахмин қилиш мумкин. Энди унинг жасадини текширишса ҳам, қийноқ изларини топиш имконсиз бўлади”, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
Жамоатчилик вакиллари орасида “Навальний ўзбеклар учун қаҳрамон эмас” деган фикр тарафдорлари ҳам бор.
“Айтиб қўяй, ҳеч қачон Навальнийга нисбатан симпатиям бўлмаган. Унинг шовинистик қарашлари менга ёқмасди. Қамалганида ҳам айби учун жазосини олмоқда деб ўйлаганман. Яширмайман, мен уни “Путиннинг проекти”, “шунчаки роль ўйнаб юрибди” деган хаёлда эдим. Аммо уни қамоқда ўлишини оқлаб бўлмайди. Шунингдек, Тошкентдаги Қатағон қурбонлари мажмуасида Навальний хотираси учун тадбир ўтказилишини қоралайман. Бу провокациядан бошқа нарса эмас. Навальний биз учун қаҳрамон эмас”, деб ёзди журналист Шарофиддин Тўлаганов.
Россия Жазони ўташ федерал агентлиги 16 февраль куни мухолифатчи Алексей Навальний Ямалдаги колонияда вафот этгани ҳақида маълумот тарқатган. Ўлим сабаблари ҳақида расмий маълумот очиқланган эмас. Алексейнинг жасади яқинларига берилмаяпти, бу Тергов қўмитаси томонидан олиб борилаётган текширув билан изоҳланмоқда. Мухолифатчининг сафдошлари Навальнийни ўлдирилган, деб ҳисоблайдилар.