Ссылки доступа

Назарбоев Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича овоз беришда иштирок этишини айтди


Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев республика конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда иштирок этишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, у давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг мамлакатни ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу ҳақда Назарбоев қозоғистонлик сиёсатшунос Данияр Ашимбаевга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум 5 июнь куни бўлиб ўтади. Хусусан, ўзгартиришлар республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг роли ва имтиёзлари ҳақидаги қоидаларни истисно қилади.

«Ҳа, 5 июнь куни мен Конституция томонидан берилган ҳуқуқимдан албатта фойдаланаман ва референдумда овоз беришда қатнашаман. Умуман олганда, ҳар бир авлод Асосий қонунга ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга, деб ҳисоблайман», — деди Назарбоев.

У 2019 йилда онгли қадам ташлаганини ва кўпчиликнинг эътирозларига қарамай давлат раҳбари лавозимини тарк этганини эслади. Назарбоев ҳокимият транзитидан кейин у муайян ваколатларни сақлаб қолганини қўшимча қилди.

«Конституцияга мувофиқ, мен президентлик ваколатларини Сенат раиси Қасим-Жўмарт Тўқаевга топширдим. У кейинги халқ сайловларида ғалаба қозонди. Шу йиллар давомида мен унинг мамлакатимизни ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш йўлидаги ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватладим. Ишончим комилки, бу йил ҳам мен уни қўллаб-қувватлайман», — деди Назарбоев.

Қозоғистон Конституциясига киритилган ўзгартиришларнинг асосий қисми бошқарувнинг супер-президентлик шаклидан кучли парламентга эга президентлик республикасига якуний ўтишга қаратилган.

«Озодлик» радиосининг қозоқ хизмати хабарига кўра, март ойида Тўқаев «халққа мурожаат» қилиб, Асосий қонунга ўзгартириш киритишни таклиф қилган.

Нашрнинг ёзишича, Сенат (парламент юқори палатаси) депутатлари “елбаси”, яъни биринчи президент мақоми референдум предмети бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги бандни ўзгартириш учун овоз берган. «Биринчи президент мақоми ҳақидаги масала референдумда кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган масалалар қаторига киритилмайди», — деди Марказий сайлов комиссиясининг собиқ аъзоси сенатор Ляззат Сулаймен.

Апрель ойи охирида Қозоғистон Мажилиси раиси Ерлан Кошанов Конституцияга ўзгартиришлар қабул қилиниши биринчи президент тўғрисидаги конституциявий қонунни бекор қилишга имкон беришини айтди. Айнан мана шу қонун Нурсултон Назарбоевга таъқиблар дахлсизлигини, унинг мулки ва оила аъзоларининг мол-мулки дахлсизлигини кафолатлайди, бир қатор имтиёзлар ва унинг идораси бюджетидан молиялаштирилишини назарда тутади. 2019 йилнинг март ойидан буён ушбу идорани сақлаш учун тўққиз миллиард тенге (11,3 миллион доллар)га яқин маблағ ажратилган.

XS
SM
MD
LG