Ссылки доступа

Туркманистонда қўшиқчи Назир Ҳабибов яна наркотик билан қўлга тушди


У 2016 йилда ҳам гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб қамалган эди.

Туркманистонда машҳур эстрада хонандаси Назир Ҳабибов яна наркотик моддалар билан қўлга тушди. Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, Ҳабибов 23 март куни Эрондан Туркманистонга қайтаётганида чегарада қўлга олинган.

У 2016 йилда гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб қамалган эди.

Ҳозирда қўшиқчи ИИВ тергов изоляторида сақланмоқда, дейди Озодлик радиосининг манбаси.

Машҳур хонанданинг ҳибсга олингани ҳақида turkmen.news нашри ҳам хабар бермоқда. Бироқ нашрнинг ёзишича, Ҳабибов гиёҳванд моддаларни сақлагани учун эмас, гиёҳванд моддалар истеъмол қилгани учун қўлга олинган.

“Манбаларга кўра, Ҳабибов Эрон билан чегарада қўлга олинган. Яқиндан бери чегарада одамларни организмдаги гиёҳванд моддаларга тасодифий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган. Шу тариқа Туркманистон «наркотуризм» билан курашмоқчи. Туркманлар шу мақсадда Эронга тез-тез бориб туришади”, деб ёзади turkmen.news.

Ҳабибов 2016 йилда наркотик моддаларни сақлашда айбланиб 12 йилга қамалган эди. У 2022 йил сентябрь ойида Туркманистоннинг Мустақиллик куни муносабати билан эълон қилинган амнистияга тушган. У қандай қилиб амнистияга тушгани мавҳумлигича қолмоқда, чунки 2019 йилдан бери Туркманистонда наркотик савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун амнистия қўлланиши мумкин эмас.

XS
SM
MD
LG