11 сентябрь куни Душанбеда Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзодага ҳужум уюштирилди. Ҳодиса тафсилотлари билан Озодлик радиоси тожик хизмати манбалари бўлишди.
Уларнинг айтишича, ҳужум Марказий жоме масжидида аср намозидан сўнг содир бўлган. Бир ёш йигит фуқаролар билан гаплашиб турган Тожикистон муфтийсининг пешонасига пичоқ билан урган. Жамоадагилар дарҳол уни қуролсизлантириб, тезда етиб келган милицияга топширган.
ИИВ матбуот маркази бу хабарни тасдиқлаб, ҳужумчи муфтийни "безорилик ниятида санчиб-кесадиган нарса билан" ярадор қилганини таъкидлади.
ИИВ хабарида айтилишича, ҳужумчи қўлга олинган, бироқ унинг шахси ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Саидмуқаррам Абдулқодирзоданинг ўзи Озодлик радиоси билан қисқа суҳбатда: "Хавотирланишга асос йўқ, соғлиғим яхши," - деган эди.
Абдулқодирзода 61 ёшда, 2010 йилдан буён Тожикистонда фатволар чиқариш ҳуқуқига эга ягона орган - Ислом маркази Уламолар кенгаши раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Муфтий ўз ваъзлари ва ОАВ билан суҳбатларида бир неча бор экстремистик гуруҳларга қарши чиққан. Сўнгги йилларда радикал жиҳодчи гуруҳлар интернет орқали муфтийга бир неча бор таҳдид қилганди.
Бир ёш йигит фуқаролар билан гаплашиб турган Тожикистон муфтийсининг пешонасига пичоқ билан урган.