АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Россия билан ўзаро маҳкум алмашилганини тасдиқлади.
Оқ уй баёнотига кўра, 1 август куни адолатсиз равишда Россияда озодликдан маҳрум этилган америкалик уч фуқаро ва бир грин-карта соҳиби – Пол Уилан, Эван Гершкович, Алсу Курмашева ва Владимир Кара-Мурза ниҳоят уйларига қайтмоқда.
“Уларнинг озодлигини таъминлаган келишув дипломатиямизнинг улкан муваффақияти бўлди. Умумий ҳисобда Россиядан 16 кишининг, шу жумладан Германиянинг беш фуқароси ва Россия фуқароси бўлган етти нафар сиёсий маҳбуснинг озод қилинишига эришдик. Улардан айримлари узоқ йиллар давомида адолатсиз равишда ҳибсда тутиб турилган. Уларнинг ҳаммаси тасаввурга сиғмайдиган азоб-уқубат ва ноаниқликни бошдан кечиришган. Бугун улар тортган азиятлар ниҳоясига етди”, дейилган Оқ уй баёнотида.
Президент Байден маҳкум алмашувини ташкил этишда кўмак кўрсатган Германия, Польша, Словения, Норвегия ва Туркияга ташаккур изҳор этган.
“Бу ҳолат дунёда биз ишонишимиз ва суянишимиз мумкин бўлган дўстларга эга бўлиш нима учун бу қадар муҳимлигининг ёрқин намойишидир. Бизнинг иттифоқчиларимиз америкаликлар учун дунёни янада хавфсизроқ қилишмоқда”, деган АҚШ президенти.
Россия қамоқхонасидан озод бўлганлар орасида сиёсий маҳбуслар Илья Яшин, Владимир Кара-Мурза, Олег Орлов, Лилия Чанишева, Андрей Пивоваров, Саша Скочиленко ва бошқалар, шунингдек, америкалик журналист Эван Гершкович ва “Озодлик” радиосининг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашевалар бор.
Россияга қайтадиганлар орасида эса Берлинда чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхон Хангошвилининг ўлимида айбланиб қамалган Вадим Красиков, ҳакер Роман Селезнев, жосус Дульцевлар ва бошқалар борлиги айтилмоқда.