Ссылки доступа

АҚШ Давлат департаменти: Эрон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик "бутун дунёни ташвишга солиши керак"

Fateh 110 балистик ракетаси Эронда синовдан ўтказилмоқда, 2010 йил
Fateh 110 балистик ракетаси Эронда синовдан ўтказилмоқда, 2010 йил

Эрон январдан бери Россияга 400 га яқин баллистик ракета етказиб берган ва яна кўпроқ бериш ниятида.

АҚШ Давлат департаментининг баёнотида айтилишича, Теҳрон Москвага юзлаб баллистик ракеталар етказиб бергани ҳақидаги хабарлар ташвиш уйғатмоқда.

Эрон январдан бери Россияга 400 га яқин баллистик ракета етказиб берган ва яна кўпроқ бериш ниятида. Бу ҳақда Reuters агентлигига Эрон ҳарбий доираларидаги олти манба маълум қилди. Эроннинг юқори мартабали мулозими агентликка шундай деган: "Етказиб бериш давом этади. Буни яшириб ўтирижга ҳожат йўқ. Биз исталган давлатга қурол етказиб бериш ҳуқуқига эгамиз".

Украина ва Ғарб расмийлари бу хабарни ҳали тасдиқламаган бўлсаларда, воқеаларнинг бундай ривожи АҚШнинг аввалги огоҳлантиришларини тасдиқламоқда.

АҚШ Давлат департаменти вакили Озодликка айтишича, Эрон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг кучайиши “бутун дунёни ташвишга солиши керак бўлган нарсадир”.

“Биз Россия Эрондан баллистик ракеталарни сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ва бу музокаралар фаол давом этаётгани ҳақида анча вақтдан бери огоҳлантириб келяпмиз”, деган департамент вакили.

Эрон ва Россия Украинага босқиндан сўнг, жумладан, ҳарбий соҳада ҳам ҳамкорликни кенгайтирди. Январь ойи ўрталарида Россия Мудофаа вазирлиги Теҳрон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича “катта давлатлараро битим”ни имзолашга тайёрлигини маълум қилган эди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Россия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари санкцияларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш воситалари тўғрисидаги декларацияни имзолаган эди.

Эрон ҳам, Россия қатор халқаро санкциялар остида яшамоқда.

XS
SM
MD
LG