Ссылки доступа

Россия: Прокурор мухолифатчи Кара-Мурза учун 25 йиллик қамоқ жазосини сўради


Владимир Кара-Мурза
Владимир Кара-Мурза

Прокурор суддан мухолифатчи Владимир Кара-Мурзани 25 йилга озодликдан маҳрум этишни сўрамоқда. Бу ҳақда сиёсатчининг адвокати Мария Эйсмонт Москва шаҳар суди биноси олдида журналистларга маълум қилди, дея хабар қилган “Сота” нашри.

Адвокатнинг айтишича, унинг ҳимояси остида бўлган шахс тергов ҳибсхонасида бўлган пайтида 17 килограмм вазн йўқотган. Кара-Мурза март ойи ўртасида ўзини ёмон ҳис қилгани учун маҳкама мажлисларидан бирида иштирок эта олмаганди. Бунгача у ҳибсхонада соғлиғи анча ёмонлашганини айтган. Жазони ижро этиш федерал хизматининг Москва бошқармаси бош неврологи унга “полинейропатия” дея ташхис қўйган. Бу ташхис тергов ҳибсхонасида бўлиши мумкин бўлмаган хасталиклар рўйхатига киради. Бироқ суд тиббий ҳужжатларни кўриб чиқиш ва сиёсатчини уй қамоғига ўтказиш талабини рад этган.

Март ойи бошида суд Кара-Мурзанинг ҳибсда тутиш муддатини ярим йилга чўзган эди. У 2022 йил апрелидан буён тергов ҳибсхонада ушлаб турилибди. Сиёсатчига қарши учта жиноят иши очилган бўлиб, булар Россия армияси ҳақида “фейк”лар, давлатга хиёнат ва “Очиқ Россия” ташкилоти билан ишлагани учун “исталмаган ташкилот”да фаолият юритганлик учун очилган.

Тергов тахминига кўра, 15 март куни АҚШда Аризона штати Вакиллар палатаси аъзолари олдида сўзга чиқа туриб, Кара-Мурза “сиёсий нафрат турткиси билан ҳаракат қилароқ, ишончли маълумотлар сифатида ёлғон бўлган маълумотларни тарқатган”. Ўшанда гап, жумладан Украинанинг аҳоли яшайдиган мавзелари ва ижтимоий инфратузилма объектлари бомбаланаётгани ҳақида борган эди.

Кара-Мурза қўлга олинганидан кейин унга қарши “исталмаган ташкилот” билан ҳамкорлик қилганлик ва давлатга хиёнат бўйича жиноят ишлари очилган.

XS
SM
MD
LG