Ссылки доступа

Нур-Султонда 20 га яқин киши ҳибсга олинди: улар январь воқеалари бўйича қариндошларига қўйилган айбловларни олиб ташлашни талаб қилишди


Нур-Султонда январь воқеалари бўйича айбловлар олиб ташланиши ва қариндошларининг ўлими ҳолатлари юзасидан очиқ тергов ўтказилишини талаб қилган 20 га яқин киши ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда Озодлик радиосининг қозоқ хизмати.

Ҳибсга олинганлар асосан фарзандлари январь ойидаги намойишлардан бери турли айбловлар билан ҳибсда сақланаётган ота-оналардир. Улар, фаол Сания Тунгатаровага кўра, пойтахтга Олмаота, Тараз, Талдиқўрғон ва Қизилўрдадан келган. Эрталаб маҳбусларнинг қариндошлари ариза топшириш учун Вазирлар уйига келган, бироқ махсус бўлинма ходимлари қўпол куч ишлатиб, оломонни ушлаб, милиция бўлимларига олиб кетишган.

Ҳибсга олинганларнинг бир қисми Олмаота полиция бўлимига олиб кетилган. Ўзини таништирмаган полиция ходими ҳозирда улар “сўроқ қилишаётгани”, шундан сўнг қўлга олинганлар қўйиб юборилишини айтди.

Июль ойида полиция январь ойида президент қароргоҳи ёнида ўлдирилганларнинг президент Қасим-Жўмарт Тўқаев билан учрашишни талаб қилган қариндошларини ҳибсга олди.

16 август куни Қозоғистон Бош прокуратураси январь воқеалари чоғида ҳалок бўлганлар рўйхатини эълон қилди. Рўйхат намойишлардан 7 ой ўтиб эълон қилинган. Унда 238 кишининг исм-шарифлари санаб ўтилган, бироқ унда одамларнинг ўлими ҳолатлари, жумладан, ҳибсдан кейин қийноқлар натижасида ҳалок бўлиши мумкин бўлган шахслар аниқланмаган.

XS
SM
MD
LG