Ссылки доступа

"Очиқ гапиришга жазм қилган қиз" ёхуд ўзбек ОТМларининг яширин муаммоси


Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент давлат педагогика университети талабасини зўрлашга уриниш билан боғлиқ ҳодиса юзасидан текширув бошлаганини айтмоқда.

ИИВ матбуот котиби Шохрух Ғиёсов 18 октябрь куни содир бўлган ҳодисада гумонланган декан ўринбосарига нисбатан 118 (номусга тегиш) ва 105 (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган. Фуқаро 23 октябрда қўлга олингани айтилади.

Ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатган “Nemolchi.uz” лойиҳасига кўра, “декан муовини Зулфия мукофотига тавсиянома олиш учун келган 20 ёшли талаба қизнинг номусига тегмоқчи бўлган, бироқ жиноятни яшириш мақсадида қизни деразадан итариб юборган.

Касалхонага ётқизилган қизга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташхислари қўйилгани айтилади.

Аммо тергов маълумотларининг махфийлиги ҳақидаги қоидага ҳамма ҳам амал қилгани йўқ. Расмий идоралар хабари ва матбуотда ҳодисага оид тафсилотлар билан бирга гумондор шахсига оид маълумотларнинг ошкор қилиниши ортидан президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева “ОТМда талаба қизларга нисбатан харассмент (шилқимлик) - жиддий муаммо” экани ҳақида ёзди.

Мирзиёева тармоқлардаги саҳифасида эълон қилган постида “педагогика университети талабаси билан шу кунларда содир бўлган воқеа денгиздан томчи” эканини айтди.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда жинсий зўравонлик ҳолати ҳақида хабар берган талаба қизни бадном қилувчи чиқишлар ҳам кузатилмоқда.

“Энг ёмони, бизда аёлларни айбдор қилиб кўрсатиш. Ўзи кўзини сузгандир, деган айбловлар ҳам бўляпти, афсус. Менимча одамларни бу борада онгини ошириш керак, аёлларга иккинчи даражали шахс сифатида қарамаслик керак”, - дейди тошкентлик журналист Наргиз Қосимова.

Ўзбекистон аҳолисининг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил қилади. Жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳали-ҳануз улар тўқнаш келиб турган энг долзарб муаммолардан бири.

Лекин Ўзбекистонда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича расмий статистика йўқ.

Мутахассисларга кўра, кўпинча хотин-қизлар “шарманда бўлишдан” қўрқиб зўравонликка учраганини очиқ айтмайди, шу сабаб уларни кенг жамоатчилик ҳеч қачон билмайди.

Айни пайтда Тошкент Педагогика университетидаги ҳодиса ортидан Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги 1006 рақами билан махсус ишонч телефони ишга туширилганини эълон қилди.

Вазирлик хабарида айтилишича, бу телефон орқали таъқиб, зўрлаш ёки зўрлашга уриниш ҳолатларига дуч келган ёки гувоҳи бўлган талабалар ва университет ходимлари мурожаат қилишлари мумкин

Аммо жинсий зўравонлик масалаларини ёритиб келадиган блогер Ҳосият Қодир ишонч телефони самара беришига шубҳа билан қарайди.

“Олий ўқув юртларида ўқийдиган талаба қизлар зўрланишга юз тутса, шу ишонч телефонларига телефон қилиб ўз дардини айтади, деб ўйлайсизми, менимча йўқ. Чунки, қизлар бу телефонларнинг ишончлилигига ишонмайди. Анонимлик сақланишига ишонмайди. Ўзларини енгил табиат қизга чиқаришлари ҳам мумкин. Ўша ишонч телефонида ўтирган одам овозини ёзиб олиб бутун элга тарқатворишидан қўрқади. Ҳеч нарса кафолатланмаган. Шунинг учун айтмайди, бир умр шу травмани ўзи билан олиб юради. Шунинг учун, бизда жинсий зўравонлик статистикаси ҳам йўқ. Туркияда ҳар бир ўқув юртида психолог бўлади. У ҳар бир талабанинг ҳолатини кузатиб боради. Агар тушкун ҳолатда юрганини пайқаса, дарров чақириб суҳбатлашади, ичидаги гапини олади. Мана шундай тизим керак, ишонч телефонидан кўра”, - дейди Ҳосият Қодир.

Ўтган ҳафта эълон қилинган “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” глобал индексида Ўзбекистон 170 та мамлакат орасида 74-ўринни эгаллаган.

WPS индексига кўра, аёлларнинг амалдаги жинсий шериги томонидан зўравонликка учраш кўрсаткичи 2021 йилда 7,3 фоизни ташкил қилган.

XS
SM
MD
LG