Ссылки доступа

Туркманистон Ўзбекистон ҳудуди орқали қайтишга уринаётган фуқароларини қабул қилмаяпти


Ўзбекистондаги манбалар Туркманистон ҳукумати ватанига Ўзбекистон ҳудуди орқали қайтишга уринаётган фуқароларини қабул қилишни тўхтатганини маълум қилмоқда.

Чегарада қолиб кетган минглаб туркманистонликларнинг аксарияти қуруқлик чегараси орқали ватанига қайтиш илинжида Туркия ва Россиядан Ўзбекистонга келишгани айтилади.

Озодлик манбаларига кўра, юзага келган вазият муносабати билан туркман ҳукумати фуқароларининг Ўзбекистон ҳудуди орқали қайтишига монелик қила бошлаган.

“Сўнгги кунларда Туркманистонга Ўзбекистонҳудуди орқали қайтишга уринаётган туркман фуқаролари кўпайди. Аммо Туркманистон уларни ўз ҳудудига ўтказмай қўйди... Дубай ва Истанбулдан Тошкентга учиб келган беш фуқаро Олот чегара маскани орқали Туркманистонга ўтмоқчи бўлишган эди, лекин уларни қўйишмади. Кейин билсак, улар учиб келган мамлакатларига қайтишга мажбур бўлишибди”, деган 11 апрелда Озодлик манбаси.

Озодлик бунинг хусусий ва фақат шу беш нафар туркман фуқаросига оид ҳолатми ёки йўқлиги тўғрисида изоҳ олишга муваффақ бўлмади. Бироқ 10 кунча муқаддам Озодлик мухбири Туркманистон 127 нафар фуқаросининг Фороб чегара маскани орқали мамлакатга қайтишига ижозат бергани ҳақида хабар қилган эди. Мухбиримиз маълумотига кўра, бу гуруҳ Ўзбекистонга асосан Туркия ва Россиядан учиб келганлардан ташкил топган.

Туркманистон икки йил муқаддам коронавирус пандемияси бошлангани муносабати билан барча мунтазам халқаро қатновларни бекор қилган, ҳолбуки туркман ҳукумати мамлакат ҳудудида битта ҳам COVID-19 вирусини юқтириш ҳолати аниқланмаганини иддао қилишда давом этмоқда. Пандемия бошланган пайтда Туркманистон барча чегараларини ёпиш билан бирга мамлакат ичида қаттиқ чеклов чораларини жорий этган. Айни чоғда мамлакатга кириш ва ундан чиқиб кетишда ўта қатъий талаблар белгиланди.

Мазкур чеклов чоралари жуда кўп туркманистонликлар бошқа мамлакатларда қолиб кетишига сабаб бўлди. 2020 йил августдан бери туркман ҳукумати ўз фуқароларини қайтариш учун махсус рейслар ташкил қила бошлаган, аммо бу етарли эмас ва минглаб туркманистонликлар ватанга қайтиш имкониятидан маҳрум ҳолда ҳануз хорижда қолишмоқда.

Чартер рейслар “Туркманистон ҳаво йўллари” миллий ширкати томонидан амалга ошириляпти, йўловчилар рўйхатини эса Туркманистоннинг чет мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари тузади.

“Консулликда қайд қилинмаган туркман фуқаролари Ўзбекистонга учиб бориб, у ердан Туркманистонга ўтиб олишдан умид қилмасалар ҳам бўлади. Чунки навбатга фақат консуллик орқали ёзилиш мумкин”, дейди бир туркманистонлик Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Ўзбекистондан Дубай ва Истанбулга мунтазам авиақатновлар мавжуд.

Ўзбекистонга киришда Туркманистон фуқароларидан виза талаб қилинади. Аммо Тошҳовуз ва Лебап вилоятларида яшовчиларга ойда бир марта уч кунга Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари, жумладан Хоразм ва Бухоро вилоятларига, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг – Амударё, Хўжайли, Шуманай ва Қўнғирот, Қашқадарё вилоятининг – Деҳқонобод, Ғузор, Нишон ва Миришкор ҳамда Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Музработ туманларига бориб келишга рухсат этилган.

Озодликдаги маълумотларга кўра, қуруқлик йўли орқали Туркманистонга қайтиш умидида Дубай ва Истанбулдан Тошкентга келаётган туркманистонликлар катта қийинчиликларга йўлиқишмоқда. Туркманистон уларни қабул қилмай қўйганидан сўнг ўзбек чегарачилари ҳам ўз ҳудудига ўтказмай қўйган.

Озодлик манбаси айтишича, ўзбек чегарачилари “Сизларни ўтказиб юборишимиз мумкин, лекин туркман божхонаси барибир ўтказмайди”, дейишмоқда экан.

“Ҳозирда кўплаб фуқароларимиз Туркманистонга Ўзбекистон орқали қайтишга ҳаракат қилишяпти. Бироқ улар вақт ва маблағларини беҳудага сарфлашяпти – туркман томони уларни ўтказмаяпти. Кўплар хафа бўлиб орқага қайтиб кетмоқда”, дейди манба.

Туркманистонга келгандан сўнг йўловчи COVID-19 юққан-юқмаганини аниқлаш учун текширувдан ўтиши керак.

Шунингдек, йўловчилардан Туркманистонга келгандан сўнг 21 кун карантин сақлаш талаб қилинади.

Туркманистоннинг транспорт идоралари, жумладан “Туркманистон ҳаво йўллари” авиаширкати мамлакат фуқароларига ушбу талаблар ҳақида маълумот бермайди.

XS
SM
MD
LG