Минтақанинг ягона энергетика халқасига уланган Қозоғистон ва Қирғизистон бир неча соат ичида таъминотни қайта тиклади, Ўзбекистон ҳануз энерготизимдаги йирик авария оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда. 27 январь куни Энергетика вазирлиги электр энергияси тўлиқ тиклангани, газ таъминоти 28 январь куни тикланишини маълум қилди.
26 январь кунги ҳукумат мажлисида техноген авария чоғида "қўлларидан ҳеч нарса келмагани"ни тан олган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев блэкаутдан сабоқ чиқаришга чақирди.
Мамлакат энерготизими чуқур инқирозда эканини айтган қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаровдан фақрли Ўзбекистон раҳбари айбни тизим ёки бирон шахс зиммасига юкламади. Бундан аввал Мирзиёев мамлакат энергетика инфратузилмаси эскиргани ҳақида бир неча бор гапирган.
Расмийлар блэкаутнинг иқтисодий зарарлари ҳақида бирор рақамни эълон қилгани йўқ, айни пайтда маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлар энерготизимдаги авариянинг иқтисодий оқибатлари билан юзма-юз қолганликларини айтишмоқда.
Андижонлик тадбиркор Ҳаётулланинг Озодликка айтишича, новвойлар газ йўқлигидан кўмирга ўтгани нон нархи кўтарилишига сабаб бўлган.
“Нарх-наво қимматлаган. Чойхона, новвойхона, магазинлардан газни узиб кетяпти. Ҳозир шунга ҳамма кўмирга ўтяпти, ўтинга ўтяпти. Йирик новвойхоналар тўхтаб турибди. Шунга нарх кўтарилиб кетяпти. Андижондаги Жаҳон бозорида 2 минг сўмлик нонлар бугун (27 январь куни-таҳр.) 3 ярим минг сўм. Катта патир арзони 15 минг сўм. Агар нон кўмирда ёпиладиган бўлса, ноннинг нархи яна ошиши турган гап”, - дейди Ҳаётулла.
Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида метaн заправкаларнинг вақтинча ишламай қолгани киракашлик қилиб кун кечирадиган одамларни қийин аҳволда қолдирган.
Газ шохобчаларидаги вақтинча чеклов шаҳар таксиси, вилоятлараро йўловчи ташиш, етказиб бериш хизматлари нархларини 20 фоизга, бази жойларда эса 50 фоизга қимматлаштиргани айтилмоқда.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 27 январь соат 16.00 ҳолатига мамлакат бўйлаб электр таъминоти тўлиқ тикланганини маълум қилди.
Аммо Ўзбекистоннинг аксар ҳудудлари, айниқса Тошкент вилояти ва Фарғона водийси газсиз қолмоқда.
Ўзбекистонда 25 январь куни рўй берган электр энергияси узилишлари туфайли “Ўзтрансгаз” АЖ компрессор станциялари тўхтаб қолган.
Бунинг ортидан Энергетика вазирлиги 26 январдан автомобилларга газ тўлдириш станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилиши, шунингдек, юридик истеъмолчиларга ҳам табиий газ етказиб бериш тўхтатилишини маълум қилди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот котиби Элмира Бекмуродованинг сўзларига кўра, газ заправкаларнинг фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришдан асосий мақсад ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва аҳолига газни етказиб беришдан иборат.
“Юзага келган носозликлар сабабли мамлакатдаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса ўз навбатида газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келяпти. Шу сабабли ИЭСларда газ босимининг камайиши мавжуд ва бу электр энергияни ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу сабабли 26 январдан автомобилларга газ тўлдириш станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилади, шунингдек, юридик истеъмолчиларга ҳам табиий газ етказиб бериш тўхтатилади”, - дея билдирди Бекмуродова.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги хонадонлардаги ортиқча электр жиҳозларини тармоққа уламасликни сўраган.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 27 январь куни эълон қилган баёнотга кўра, газ босими энг паст бўлган ҳудудлар Фарғона водийси, Тошкент вилояти, Сурхондарё, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидир.
Вазирлик 28 январь куни мамлакатда газ таъминоти тўлиқ тикланишини айтмоқда.
Ўзбекистонда электр энергиясининг асосий қисми газ билан ишлайдиган иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади.
Мутахассислар энерготизимдаги авария оқибатларини бартараф этишнинг қўшни давлатлардагидан узоқроқ давом этганини худди шу ҳолат билан ҳам изоҳлашмоқда.