Ссылки доступа

Коронавирус: Касалланиш кўпаймоқда, расмий статистикага доир саволлар ҳам


Андижонда ковид-тест учун навбатда турганлар.
Андижонда ковид-тест учун навбатда турганлар.

Ўзбекистонлик мустақил журналист ва блогерлар, шунингдек, Озодлик суҳбатлашган коронавирус қурбонларининг яқинлари мамлакатда давом этаётган пандемиянинг навбатдаги тўлқини манзарасида касалланиш ва қурбонлар сонига доир расмий статистикани яна савол остига олишмоқда.

Соғлиқни сақлаш расмийлари эса, пневмония ва ўпка яллиғланиши каби касалликлар боис ҳаётдан кўз юмаётган кишиларни коронавирус қурбонлари қаторига қўшмаслик кераклигини таъкидлашади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 август куни 851 кишида коронавирус аниқлангани, беморлардан 7 нафари вафот этганини билдирган.

Вазирликка кўра, мамлакатда коронавирус инфекцияси аниқланганидан буён 145615 киши шу касалликни юқтирган, 994 киши вафот этган.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ва ўлим ҳолатлари билан боғлиқ оид расмий статистикани савол остига олаётганлар кўп.

Самарқандлик журналист ва блогер Тошпўлат Раҳматуллаев 26 июль куни ўзининг Фейсбук саҳифасида деярли ҳар куни ковид туфайли вафот этаётган ҳамшаҳарларининг жанозасида қатнашаётгани ҳақида ёзди.

“Мамлакат бўйича ўлим 5-7 кишини ташкил этаётганлиги ҳақидаги хабарга қандай муносабат билдиришни ҳам билмайсан киши. Икки кун аввал Боғимайдон маҳалламизда 61 ёшли эркак, бугун Қир маҳалласининг Тошлоқ гузарида 59 ёшли ва Хожа Дониёр маҳалласида 58 ёшли эркакнинг жанозаси ўқилди”.

Ўз постида блогер, “Ковид оқибатлари ҳақида, ўлим ҳолатлари тўғрисида бор ҳақиқатни ошкор этсак, касаллар қанчалик азоб чекаётганлигини очиқ кўрсатсак, балки шулар одамларимизга таъсир этиб, карантин талабларига риоя этадиган бўлишар?

Ҳозир одамларга коронавирусдан сақланиш муҳимлиги ҳақида гапирсангиз, “қўйинг-э, йўлларимизда кунига ўртача беш киши ўлмоқда, бу касаллик унча даҳшатли эмас” деган жавобни оласиз. Шу сабабли ковид билан боғлиқ бор статистика ошкор бўлмоғи лозим”, дея қўшимча қилади самарқандлик мустақил журналист.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2021 йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатда жаъми 79,7 мингта ўлим қайд этилган.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 7 фоизга кўпроқ.

Лекин қўмита ҳисоботида ўлим ҳолатларининг қанчаси коронавирус билан боғлиқлиги ҳақида айтилмаган.

XS
SM
MD
LG