Ссылки доступа

Тунги навбатлар. Ўзбекистонда метан газ яна тақчиллашди


Қиш мавсуми бошланиши билан Ўзбекистонда аҳолига бериладиган электр энергияси ва газ билан бир қаторда метан газ тақчиллиги ҳам кузатилмоқда.

Мутассадилар, ўтган йиллардаги каби юзага келган вазиятни аҳоли томонидан газ истеъмолининг кўпайиши ва қувурларда босим пасайиши билан изоҳламоқда.

Бироқ экспертлар заправкалардаги турнақатор навбатларнинг пайдо бўлиши қишда табиий газга экспорт нархининг ошиши билан ҳам тушунтиришади.

Озодликка келаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқлардаги хабарлардан ҳаво совиши билан Ўзбекистоннинг турли минтақаларидаги метан газ қуйиш шохобчаларида яна тақчиллик юзага келаётгани англашилади.

Фарғона вилоятининг Яйпан туманидан мурожаат қилган Жаҳонгир исмли ҳайдовчи вазиятни бундай тасвирлайди:

- Янги йилдан олдин, айниқса вазият жуда ёмон эди. Тунги соат 3 да омадим чопиб, навбатга турволсам, эрталабки 8да машинани тўлдириб чиқиб кетаман. Ҳар куни 5-6 соат умрим ўтади метан заправкаси олдида. Нархни декабрь бошида 2800га кўтариб олишди - ҳалигача шу нарх турибди. Машиналар қаторлашиб кетади. Янги йил ўтди – ҳалигача вазият ўзгаргани йўқ бизда, - дейди Жаҳонгир.

Жаҳонгир АГТСК (автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси-таҳр.) шохобчаларидаги вазият, айниқса совуқ тушиши билан ёмонлашишини қўшимча қилди. У газ нархининг оширилиши йўл ҳақининг кўтарилишига, бу эса сўзсиз кундалик истеъмол товарларнинг ҳам нархи ошишига олиб келаётганини айтади.

“Тошкент вилояти Оҳангарон йўлидаги метан заправкаларда навбат кундан-кун кўпаймоқда. Бензинда юрайлик десак, АИ-80 камайиб қолди. Бори ҳам қимматга сотиляпти. Ҳолатга Энергетика вазирлиги эътибор қаратишини сўраймиз”, деб ёзади яна бир мурожаатчи Озодликка.

Маълум бўлишича, айрим минтақаларда янги йилнинг илк кунларида метан газ таъминоти масаласи яхшиланган.

Аммо ҳайдовчилар вазият совуқ тушиши ортидан кескин ўзгариб кетиши мумкинлигидан хавотирда.

Метан газ заправкалари олдида машиналарнинг узундан-узун навбатлари акс этган видео ва фотосуратлар Интернет тармоқларида ҳам қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда аҳолини метан гази билан таъминловчи барча компрессор станциялар президентнинг 2021 йил декабридаги фармонига мувофиқ метан газини “Ҳудудгазтаъминот” бўлинмаларидан сотиб олади.

Соҳа мутахассислари Ўзбекистонда газ қувурларидаги босимнинг пастлиги энергетика инфратузилмасини капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш заруратидан далолат бериши тўғрисида анча йилдан буён гапириб келади.

Расмийлар газ қуйиш шохобчаларидаги навбатларни қиш мавсумида аҳоли томонидан газ истеъмолининг кўпайиши билан изоҳлаб келади. Мутасаддиларга кўра, ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида газ қувурларида босимнинг пасайиши автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари иш вақтини чеклашга мажбур қилади.

Метан етишмовчилиги айниқса иш мавсумида сезилади

Ўтган йилнинг 17 ноябридан бошлаб Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларида хизмат кўрсатиш жадвалига вақтинчалик чеклов ўрнатилгани ҳақида хабар берилганди. "Ўзтрансгаз" АЖ матбуот хизмати тақдим этган шохобчаларнинг ҳудудлар кесимидаги иш жадвалига кўра, ҳар бир вилоятда турлича иш вақти белгангани ҳам эътиборга молик.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда 53,8 миллиард куб метр газ қазиб олиш режалаштирган эди. Бу 2019 йилга нисбатан 6,7 миллиард куб метрга камдир.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати 2022 йилда электр энергияси, газ, иссиқ ва ичимлик суви ҳамда канализация учун тарифларни оширишини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG