Ссылки доступа

Интернетда "Президентни ҳақорат қилган" хоразмлик блогер 3 йилга қамалди


3 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти Хазорасп тумани суди томонидан блогер Собиржон Бобониёзов 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу ҳақда "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Фейсбук саҳифасида хабар берди.

Хабарда айтилишича, Хазорасп туманининг Бўстон қишлоғида яшаб келган блогер Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти Ислом Каримов ҳамда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилишда айбдор деб топилган.

Жиноят иши материалларига кўра, "31 яшар блоггер Telegram ижтимоий тармоғидаги “Блоггерлар бирлашмаси” номли гуруҳга аъзо бўлиб, мазкур гуруҳда Ўзбекистон Республикасининг собиқ президенти Ислом Каримов ҳамда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни ҳақоратловчи ва фаолиятини обрўсизлантирувчи мазмунда тўғридан-тўғри видео материаллар эълон қилган".

Ўтган йилнинг 21 апрелидаги суд-лингивистик экспертиза хулосаларига кўра, мазкур материаллар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси президентига суиқасд қилиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликни ифодалайди.

Айблов хулосасида блогер мазкур жиноятларни "оғирлаштирувчи, яъни маст ҳолатда такроран содир этгани" қайд этилади.

Ўтган йил мартида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ президентини телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, Кодексда оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Унга кўра, мазкур қилмишни содир этган шахслар БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўтган йил апрелида Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилоят бошқармаси тармоқларда танқидий чиқишлари билан танилган жиззахлик блогер Валижон Калоновга нисбатан Жиноят Кодексининг 158-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатгани маълум бўлган эди.

Расмий хабарда Калонов ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Президентини ҳақоратлайдиган, унинг обрўсига путур етказадиган ва камситадиган маълумотларни тарқатиб, туҳмат қилиб келгани айтилган.

Калонов кейинчалик суд тиббиёт экспертизаси томонидан ақлий носоғлом деб топилиб, амарқанд шаҳридаги 1-сонли психатрия шифохонасига мажбурий даволаш учун юборилган.

Халқаро матбуот ташкилотлари Ўзбекистон жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар сўз ва матбуот эркинлигини чеклашини айтишган.

Ўтган йил октябрида иккинчи муддатга сайланган президент Шавкат Мирзиёев, ўз таъбирича, қонуний фаолият олиб бораётган журналист ва блогерларни ҳимоя қилишга ваъда берган эди.

XS
SM
MD
LG