"Эрк" партияси ёш шоир ва сиёсий фаолнинг оиласи "қўрқитилгани", унинг қаердалиги эса ҳануз номаълум қолаётганини айтмоқда.
Партия етакчиси Муҳаммад Солиҳ Абраев ва бошқа фаолларнинг ҳибсга олинишини “сайлов олдидан майдон тозалаш ва қўрқитиш” ҳаракати деб атади.
“Эрк” Демократик партияси Абраев яқинларига таяниб тарқатган хабарда айтилишича, у шу йилнинг 16 август куни Қашқадарё вилояти Муборак тумани Қарлуқ қишлоғидаги уйидан олиб кетилган.
26 яшар Раҳмиддин унга 3 йил олдин тайинланган ҳаракатланишга тақиқни бузиб, шу йилнинг май ойида "Эрк"нинг Тошкентда бўлиб ўтган қурултойига қатнашгани учун жавобгарликка тортилгани айтилмоқда.
Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ охирги пайтларда Раҳмиддин махсус хизматлар босими кучайгани тўғрисида хабар бериб келганини айтади.
"Эрк" раҳбари Раҳмиддин Абраевнинг ҳибсга олинишини Ўзбекистонда 24 октябрда ўтиши кутилаётган президент сайловлари билан боғлайди.
- Сайлов олдидан майдонни тозалаб, сайловда жимлик ва сукунат ичида ўзини сайлаб олиш мақсади буларнинг. Шунинг учун сал овози чиққан одамларни актив фаолиятдан узоқлаштириш, қамаш, қўрқитиш ёки жим қилиб сотиб олиш – бутун усуллар ишга солиняпти! Буни ҳам қўрқитмоқчи бўлишган, аммо бола қўрқмагани учун уни қамашга тўғри келди, деди Муҳаммад Солиҳ.
Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси Ўзбекистонда 24 октябрда бўлиб ўтадиган президент сайловини бойкот қилишга чақирди. 9 август куни партиянинг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда президент сайлови “Ш.Мирзиёев бошчилигидаги сиёсий гуруҳнинг навбатдаги кўзбўямачилиги” экани айтилади.