Расмий Тошкент Украинадаги вазият борасида аввалига нейтрал позицияни эгаллаган, шу йилнинг 17 мартида эса Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украина суверенитетини ҳурмат қилиши, бўлгинчи ДХР ва ЛХРларни тан олмаслигини айтган эди.
Ҳукумат амалда Украина борасидаги муҳокамаларга тақиқ қўйган эса-да, Украинадаги уруш ижтимоий тармоқларда энг кўп мунозаралар, бўлинишларга сабаб бўлаётган мавзуга айланган.
Ва нафақат тармоқларда.
Шу кунларда Андижон Давлат университетида Украинадаги уруш ўқитувчи ва талабалар ўртасидаги жиддий зиддиятга сабаб бўлган.
Университет талабалари ўқитувчилардан бирининг дарсларда Россиянинг Украинага ҳужуми, жумладан, Буча қирғинини оқлашга уриниши талабаларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Талабаларнинг норозилиги ортидан АДУ раҳбарияти махсус ишчи гуруҳи тузган ва текширув ўтказган.
АДУ ахборот хизматининг Телеграм-каналида берган хабарига кўра, текширув натижаларига кўра, 67 ёшли ўқитувчи “қаттиқ огоҳлантирилган”.
“Аноним сўровнома натижаларига кўра аксарият талабалар (88-90%) фан ўқитувчисининг яхши дарс ўтишини ва одобини ҳам университет ўқитувчисига мослигини кўрсатишган. Аммо 10-12 % талабалар ўқитувчининг дарс мавзусидан четлаб кетишини кўрсатиб ўтишган. Мурожаатда кўрсатилган айрим ҳолатлар қисман ўз тасдиғини топганлигини инобатга олиб Х.Қ. қаттиқ огоҳлантирилди ва бундан кейин меъёрий-услубий қоидалардан чиқмаслик бўйича тушунтириш хати олинди”.
Андижон Давлат университетининг талабалари Украина уруши бошланганидан буён Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш фани ўқитувчиси Ҳ. Қ. дарсларда Россияни улуғлаш ва Украинани фашистик давлат сифатида уларнинг онгига сингдиришга ҳаракат қилаётганидан шикоят қилганлар.
Мустақил Элтуз нашри Телеграм-каналида ёйинланган талабаларнинг арзига кўра, домла Буча шаҳридаги содир этилган омавий қотилликлар украинларнинг ўзлари томонидан содир этилганини иддао қилган:
“Домла ҳар сафар дарсни Россияни улуғлаш, Украинани эса фашистлар бошқаряпти, Донбассдаги русларни 8 йилдан бери украинлар қириб ташлаябди деб бошлайди. Нима эмиш, Зеленский Донбассдаги ҳамма аҳолини қириб ташлаш керак деб айтганмиш Украинага фақат қуруқ ер керак экан. Европага қочиб кетган украинларни германияликлар, францияликлар қул қилиб сотиб юборишаётган экан”.
Андижон давлат университети ахборот хизматининг хабарида айтилишича, бу воқеадан сўнг барча кафедра мудирларига профессор-ўқитувчиларга дарс вақтида белгиланган фан дастурларидан четга чиқмаслиги, ўзининг сиёсий қарашларини сингдириш мумкин эмаслиги ҳақида қатъий равишда тушунтириш ишлари олиб бориш ҳақида кўрсатма берилган.
«Андижон давлат университети бундай масалаларда Ўзбекистон Республикаси расмий позициясини қўллаб-қувватлайди», дейилади матбуот хизмати хабарида.
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Тошкент Украинадаги вазият юзасидан нейтрал позицияда эканини маълум қилган эди.