Рўйхатда хитойлик ва ҳиндистонлик талабалар етакчилик қилмоқда.
Ташкилотга кўра, чет элда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 110 мингдан ошади.
Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон Франция ва АҚШни ортда қолдирган.
Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари ҳар йили қабул қиладиган талабалар сони чеклангани боис сўнгги йилларда ўзбек ёшларининг чет элга ўқишга кетиши оммалашмоқда.
Чет давлат олийгоҳларида ўқийдиган ўзбекистонлик талабалар орасида ўз маблағига ўқиётганлар ҳам, грант ҳисобидан таълим олаётганлар ҳам бор.
АҚШ элчихонаси тақдим этган маълумотларга кўра, 2015 йилда Америкада ўзбекистонлик 491 нафар талаба таълим олган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 1000 нафардан ошган.
Бу янги рекорд ва олдинги ўқув йилига нисбатан 72, 6 фоизга ўсди, дейилади АҚШ элчихонаси Халқаро таълим алмашинуви бўйича 2023 йилги ҳисоботида.
2021-22-ўқув йилида 631 нафар ўзбекистонлик талаба АҚШ олий таълим муассасаларида таҳсил олган бўлса 2022-23 ўқув йилида улар сони рекорд даражада 1089 нафарга етган.
Аксарияти ёки 57, 2 фоизи бакалавриат босқичига қабул қилинган, 29, 9 фоизи магистратура босқичида, 7, 9 фоизи факултатив амалий машғулотларда қатнашган ва 5 фоизи инглиз тили ёки қисқа муддатли таълим каби олий таълим бўлмаган дастурларга ўқишга кирган.
Россия элчихонаси маълумотлари бўйича эса, ўтган йили Россия Федерацияси олий ўқув юртларида ўқийдиган ўзбекистонлик талабалар сони 48, 7 мингни ташкил этган.
Бу Россиядаги хорижлик талабалар орасида иккинчи натижадир. Биринчи ўринда 61 минг талабаси билан Қозоғистон, Хитой эса 30, 6 минг талабаси билан учинчи ўринда.
Ўзбекистонлик талабалар энг кўп ўқийдиган яна бир давлат бу Жанубий Корея. Бу давлат олийгоҳларида 11 мингдан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олади. Кореяда ўқиш талабаларга йилига тўрт-олти минг АҚШ долларига тушиши мумкин.
Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шерикларидан бўлган бу мамлакатга келаётган ўзбекистонликлар сони йил сайин ортмоқда.
Қўшни давлатлар - Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий ўқув юртларида эса ,Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус вазирлигига кўра, 2020 йил февраль ойигача 35 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олган.
Аммо, 2021 йили Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлигининг буйруғи асосида, қўшни давлат олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик минглаб талаба ўқишларини ташлаб юртига қайтди.
Уларнинг аксари Ўзбекистоннинг ўзидаги ОТМларга қабул қилинган, аммо квота чеклангани сабаб ватанида олий таълимни давом эттиролмаганлар ҳам талайгина.
Ўзбекистонлик талабаларнинг чет давлатларга ўқишга кетишига Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул қилинадиган талабалар сони қатъий квоталангани ягона сабаб эмас.
Мутахассисларга кўра, ўзбек талабаларидаги кучли амбиция ва олийгоҳларда ўқиш сифатининг тушиб кетгани Ўзбекистондан четга талабалар оқимини кўпайишига сабаб бўлаётган омиллардан.
Ўзбекистонда ҳар йили 1 миллиондан ортиқ абитуриент олий ўқув юртига кириш учун ҳужжат топширади.
Мамлакатдаги 191 та олийгоҳ бакалавриат учун кундузги таълим шаклига – 126714 нафар (34860 таси грант, 91854 таси контракт) талабани қабул қилиш қурбига эга.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда олий таълим энг коррупциялашган соҳалардан бири саналади.
Сўнгги йилларда очилган хусусий олийгоҳларда таълим сифати паст, ўқитувчи кадрлар етишмаётгани айтилади.
Ўзбекистонликларнинг чет давлатларга ишга ёки ўқишга юборишни ваъда қилувчи ширкатлар ёки турли молиявий пирамидаларга катта миқдорда пул бериб, алданиб қолиш ҳолатлари ҳам кўп.