Ссылки доступа

Тошкент Кремль пропагандаси қаршисида сукут сақламоқда


Таниқли журналист ва блогер Элдор Асанов, ўзбекистонлик журналист ҳамда блогерларни “Россия пропагандасининг жирканч ҳамласи”дан ҳимоя қилишни сўраб, президентга мурожаат эълон қилди.

Асановнинг бир ўзи имзолаган мурожаат “Россия 24” каналида берилган “Осиё марказида Роберт Францев билан” кўрсатуви ортидан янгради. Кўрсатувда ўзбек матбуоти Украинадаги урушни ёритишда Киев тарафини олганликда айбланган эди.

Кўрсатув муаллифи Роберт Францев, “Кремлга тушуниш изҳор қилган” президент Ш. Мирзиёевдан “миллатлараро низо чиқараётган" матбуотга чора кўришни талаб қилди.

Бунга қадар ҳам Украинадаги уруш мавзуси расмий матбуотда қарийб ёритилмаётган эди. Бу мавзуда чиқиш қилаётган мустақил нашрлар эса АОКАдан огоҳлантириш олган.

8 март куни эълон қилган мурожаатида Элдор Асанов Кремль ўзининг Украинага қарши “ҳарбий тажовузи”ни қоралаган ўзбек нашрларини ҳам назоратга олишга уринаётганини қайд этиб, буни “жирканч ҳамла” деб атайди:

“РФнинг давлат канали – “Россия 24” мухбири Роберт Францев ўзбекистонлик блогер Никита Макаренкони, Kun.uz ва Gazeta.uz нашрларини гўёки Ғарб махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилишда ва “аксилрус кайфиятларини алангалатиш”да айблади”. “Ўзбекистондаги сўз эркинлигига бундай жирканч ҳамла жавобсиз қолиши мумкин эмас”.

Журналист, бу ҳолатда Ўзбекистон раҳбарияти “Россия 24” давлат телеканали Кремль расмий нуқтаи назарини етказишини урғулайди ва бу кўрсатув Ўзбекистон ички ишларига “қўпол тарзда аралашиш” дея баҳолайди.

“Россия 24” телеканалида 6 март куни эфирга узатилган “Осиё марказида Роберт Францев билан” (“В центре Азии с Робертом Францевым”) кўрсатувида ўзбекистонлик таниқли блогер Никита Макаренко ҳамда Kun.uz, Gazeta.uz мустақил Интернет нашрлари номи тилга олинди.

Кўрсатув муаллифи номи тилга олинган блогер ва нашрларни “Ғарб махсус хизматлари билан ҳамкорликда” Украина президенти Владимир Зеленский ва унинг ҳукуматини қўллаш, мамлакат аудиториясида “аксилрус кайфиятларини алангалатиш”да айблади.

“Президент Шавкат Мирзиёев, Владимир Путин билан телефон мулоқотида Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари бўйича “тушуниш изҳор қилди”. Афсуски, Ўзбекистонда ҳамма ҳам ўз етакчисининг ақлли ва синалган сиёсатини қўлламаётир. Ахборот маконида тақдир тақозоси билан ғарбдан грантлар олган ва Россиянинг Украинадаги махсус амалиётини қоралаган, ҳатто Россия ОАВ номига лаънатлар ўқиган блогер ва псевдо журналистлар дарров пайдо бўлди”, деди кўрсатув муаллифи.

Сўнгра муаллиф, Ўзбекистон ҳукуматини матбуотдаги бундай чиқишларнинг икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва иқтисодий алоқаларга таъсиридан огоҳлантирди:

“Дарвоқе Россия билан стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик шартномаси бўлган дўстона Ўзбекистон ҳукуматига савол: бунақа баёнотлар ўша иттифоқчилик алоқаларига зарар келтирмайдими?”

Ҳозирча расмий Тошкент ёки ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи АОКА агентлиги бу кўрсатув ҳақида бирор расмий баёнот бермади. Озодликнинг бу агентликка мурожаати ҳам жавобсиз қолмоқда.

Марказий нашрлардан бирида ишлайдиган журналистнинг айтишича, расмий газеталарнинг муҳаррирлари “Украина ва Россия ўртасида бошланган низони ёритмаслик” ҳақида қатъий огоҳлантирилган.

Бу огоҳлантирув, “Россия 24” каналида берилган “Марказий Осиёда Роберт Францев билан” (“В центре Азии с Робертом Францевым”) кўрсатувидан сўнг берилган.

Журналистнинг тахминича, “Россия 24” каналида берилган кўрсатув Ўзбекистон раҳбарияти томонидан жиддий қабул қилинган.

“Булар нейтрал позициядамиз, деб қўйди. Лекин матбуот ҳар нарса деб ёзишни бошласа, бунга ҳукумат рухсат бериб қўйган, деб Кремль нотўғри тушунишидан қўрқиб кетишди, менимча. Шунинг учун, яхшилаб ҳам, ёмонлаб ҳам ёзманглар, деган топшириқ бўлган. Бизда муҳаррирлар ҳатто хабар ҳам ёзиб, бошни қотирманглар, деяпти”, дейди журналист.

Миллий телерадиокомпанияда (МТРК) ишлайдиган журналистлардан бири ҳам, Украина шарқида жанг ҳаракатлари бошлаганидан бери, бу вазиятни ёритишга яширинча тақиқ қўйилганини билдирди.

“Шунақа гап бор: уруш бошланганидан бери эфирда ҳатто Россия деган сўзни ҳам ишлатманглар, деб кўрсатма беришган”, деди исмини сир сақлаган яна бир журналист.

МТРК журналистларига, хорижий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш ёки уларга интервью бериш тақиқланган.

Шу кунда Украинадаги воқеалар фонида, маҳаллий журналистлар ва уларнинг тармоқлардаги чиқишлари устидан назорат янада кучайгани кузатилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистондаги энг оммабоп нашридан бири бўлган Kun.uz нинг икки таъсисчиси ва бош муҳаррири 26 февраль куни ДХХга чақиртирилди. Нашр таъсисчиларидан бири Умид Шермуҳаммедов бу ҳақда Facebook саҳифасида маълум қилди.

Ҳозир Украинада бўлаётган урушни Ўзбекистондаги расмий нашрлар умуман ёритмаётир.

Шу кунгача бирор давлат расмийси ва турли давлат идоралари, ҳатто Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳеч бир шаклда муносабат билдирмади.

Шу вақтгача турли мавзуларда чиқишлар қилиб, тармоқлар эътиборини тортиб келган шахслар, амалдаги депутатлар, турли партия етакчилари ҳам жим.

АОКАга яқин манба, Украина мавзусига қўйилган яширин цензура, тармоқларда турли мавзуларда эмин-эркин позициясини билдириб турадиган Комилжон Алламжонов ва унинг ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг ҳам "оғзини ёпгани"ни айтади:

“Ёритишга цензура қўйилган. Янгиликларни берса бўлади, маълум даражада. Украина томон бўлиб, русларни қоралаш мумкин эмас. Шундай қилганлар "суҳбат"га ҳам кириб чиқди. Шунинг учун Алламжонов ҳам бу мавзуда ортиқча гапирмай, жим турибди. Гапирса, Алламжонов гапирарди. Ҳатто, тинчлик бўлсин ҳам дея олмади. Ўзини аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси қилиб кўрсатадиган Саида Мирзиёева ҳам, бомбардимонда ўлаётган аёллар ва болалар ҳақида ғиринг деёлмади-ку!”

Озодлик бу борада расмий изоҳ сўраб, Алламжонов раҳбари бўлган Масс-медиа фонди ҳамда АОКА матбуот хизматига боғланди. Аммо ҳозирча жавоб ололмади.

Айни пайтда Ўзбекистондаги қатор мустақил интернет нашрлари Украина бўйлаб давом этаётган бомбардимонлар ҳамда ҳарбий тўқнашувларни ёритишда давом этмоқда.

Бу чиқишларда нашрлар, “Россиянинг ҳарбий босқини”, “Украина уруши”, “Украинага ҳужум” каби жумлалар қўлланилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи ҳозиргача Россиянинг Украинадаги "ҳарбий амалиёти" юзасидан баёнот бергани йўқ.

Озодлик суҳбатлашган ўзбек журналистлари ва таҳлилчиларига кўра, Тошкентнинг тобора тажовузкор бўлиб бораётган Крмель қаршисида нейтрал туриши Ўзбекистоннинг геосиёсий манфаатларига тўғри келиши мумкин, аммо ахборот сиёсати нуқтаи назаридан жорий вазият "назоратни йўқотиш" билан тенг.

Исми очиқланишини истамаган журналистлардан бири буни "жуда ҳам нейтрал позиция" деб атади.

Россиянинг Украинага тажовузи бошланган илк кунларда қатор блогерлар Ўзбекистонда кремлпараст телеканалларни ёпишга чақиришди. Аммо ҳукумат ва унинг ахборот сиёсати учун масъул АОКА ҳозирга қадар бу чақириқларга муносабат билдиргани йўқ.

XS
SM
MD
LG