Ссылки доступа

Туркманистонликлар тирикчилик учун қон топширмоқда


Туркманистон расмийлари мамлакатдаги ишсизлик билан боғлиқ ҳақиқий ҳолат ҳақидаги маълумотларни эълон қилмайди, шунингдек, иқтисодий муаммолар мавжудлигини тан олмайди.

Туркманистонда иқтисодий инқироз кучайиши сари Лебап вилоятида қон топшириб, тирикчилик қилаётган одамлар сони кескин кўпаймоқда.

"Озодлик" радиоси мухбири билан анонимлик шарти билан суҳбатлашган маҳаллий тиббиёт ходимларига кўра, қон донорларининг деярли барчаси даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳолидир.

"Кам таъминланган оилалардан борган сари кўпроқ одамлар қон топширмоқда, бунинг эвазига улар нақд пул, шакар ва бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотларини олади. Охирги ойларда бундай фуқаролар сони кескин кўпайди," дейди ҳолатдан хабардор туркманободлик тиббиёт ходими.

Унинг сўзларига кўра, кўпинча бир оиладан икки-уч киши қон топширишга келади. Тўғри, бу пуллар бир ой давомида оилани боқиш учун етмайди, лекин ҳеч бўлмаганда бир неча кунга озиқ-овқат сотиб олишлари мумкин.

"Бизда асосан 3 ва 4-гуруҳдаги қон етишмайди. Менинг участкамда учта оилада 4-гуруҳ қони бор ва улар идеал қон донорлари ҳисобланади. Бир донордан бир мартада 500 мл қон олиш мумкин," дейди Химиклер микрорайонидаги 1-поликлиника шифокори.

Оммавий ишсизлик, нархларнинг ошиши ва аҳоли турмуш даражасининг пасайиши билан боғлиқ иқтисодий инқироз Туркманистонда етти йилдан бери давом этмоқда.

Иқтисодий қийинчиликлар кўплаб туркманистонликларни иш излаб чет элга кетишга мажбур қилди. Йўлга чиқа олмаганлар эса оғир, малакасиз меҳнат, тиланчилик билан шуғулланишга ва даромад топишнинг бошқа йўлларини излашга мажбур.

Туркманистон расмийлари мамлакатдаги ишсизлик билан боғлиқ ҳақиқий ҳолат ҳақидаги маълумотларни эълон қилмайди, шунингдек, иқтисодий муаммолар мавжудлигини тан олмайди.

XS
SM
MD
LG