Ссылки доступа

Праганинг Карлов университетида қуролланган шахс ўнлаб одамни отиб ташлади


Чехия пойтахтидаги Карлов университетида қуролланган шахс ўнлаб одамни ўққа тутди. Прага полицияси берган маълумотга кўра, 21 декабрь тушда содир бўлган қуролли ҳужумда 15 киши ўлган, 24 киши жароҳатланган.

Чехия телевидениеси берган хабарга кўра, жароҳатланганлардан 10 га яқинининг аҳволи оғир.

Полиция берган маълумотга кўра, ҳужумчи ёлғиз шахс бўлган ва воқеадан ҳеч қанча ўтмай ликвидация қилинган.

Ижтимоий тармоқларда, қуролланган шахс айни университетнинг 24 яшар талабаси экани ва ҳодисадан сўнг, ўзини ўзи отиб ўлдиргани ҳақида хабар тарқалди.

Карлов университети талабалари ижтимоий тармоқларда ҳужумчининг 24 яшар чех Д.К экани, унинг пайтларда руҳий аҳволи яхши бўлмагани ҳақида ёзмоқда.

Прага полицияси, айни пайтда ҳужумчининг шахси ва қандай ўлгани текширилаётгани, боиси ҳодиса пайтида уни тўхтатиш учун полиция ходимлари ҳам ўқ узганини билдирди.

Шунингдек, полиция бу шахс 21 декабрь тонгда Прага яқинидаги Кладно шаҳрида ўз отасини отиб ўлдирганини тасдиқлади.

Маълум бўлишича, Прага полициясида ҳужумчининг Прага шаҳрига қараб йўлга чиққани ва ўзини ўлдиришга қасд қилганига оид маълумот бўлган.

Дастлаб ҳужумчи Карлов университетининг бошқа биносига боришни режалаган. Аммо кейин бирдан йўналишини ўзгартириб, Фалсафа факультети биносида оммавий қирғинни уюштиргани айтилмоқда.

Айни пайтда, ҳужум мотивлари номаълум қолмоқда. Прага полицияси қуролли шахс ёлғиз бўлгани ва ҳужумнинг террорга алоқаси йўқлиги тахмин қилинаётганини билдирди.

Полиция берган маълумотга кўра, ҳужумчи шахс Телеграм ижтимоий тармоғида рус тилида канал юритган ва у ерда оммавий қирғин уюштиришни режалаб юрганига ишорат берувчи постларни қолдирган. Ҳужумчининг қонуний асосда олган бир неча ўқотар қуроли бўлгани ҳам маълум қилинди.

Прага полицияси, ҳужумчи хорижда содир этилаётган қуролли ҳужумлардан руҳлангани ва шу кузда Россияда бўлганига оид маълумот текширилаётганини билдирди.

Ижтимоий тармоқларда, отишма чоғида талабаларнинг даҳшатга тушиб қочаётгани, синфхоналарга беркиниб олгани ва ҳатто, университет биносининг юқори қаватларидаги ойналардан ташқарига чиқиб, хавфли вазиятда жон сақлашга урингани акс этган суратлар ёйилди.

Бу Чехияда ўқув муассасаси ва умуман жамоат жойида қуролланган шахс томонидан оломон ўққа тутилганига оид илк ҳолатдир.

Айни пайтда, Прага шаҳрида полиция хавфсизлик чораларини кучайтирган ва ҳодиса содир бўлган университет биноси, унга туташ объектларда текширувни давом эттирмоқда.

Ҳодиса муносабати билан Чехия президенти Петр Павел ҳам муносабат билдириб, қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлигини изҳор қилди.

XS
SM
MD
LG