Ссылки доступа

Тожикистонда йирик мухолифат арбоби вафот этди


Тожикистонда 18 май куни Тожикистон социал-демократик партиясининг собиқ раҳбари Раҳматилло Зоиров вафот этди.

Раҳматилло Зоиров Тожикистон Конституциясининг муқобил лойиҳаси муаллифларидан бири бўлган. Бу лойиҳа рад этилган, бироқ ундаги баъзи ғоялар амалдаги Конституцияга киритилган.

Зоиров 1998 йилда қисқа яшаган Адолат ва тараққиёт партиясини тузган. 2001-2003 йилларда у Тожикистон президентининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлган, бироқ Адолат ва тараққиёт партияси Тожикистон Социал-демократик партияси сифатида қайта рўйхатдан ўтказилгандан сўнг у истеъфога бериб, сиёсий фаолият билан шуғулланган.

Раҳматилло Зоиров ҳукуматни доимо танқид қилиб келган. Унинг раҳбарлигида Тожикистон СДП барча парламент сайловларида қатнашган, бироқ ҳеч қачон парламентга ўта олмаган. Раҳматилло Зоиров бунга сабаб сифатида ҳукумат томонидан партия фаолларига босимни ва овозларни қалбакилаштиришни келтирган.

Тожикистонда тақиқланган Тожикистон Миллий Альянси раҳбари Муҳиддин Кабирий Зоировнинг ўлимини замонавий тожик давлатчилиги учун катта йўқотиш деб атаган ва Зоиров “доим сиёсатни илмий асосда қуришга ҳаракат қилган”ини айтган.

XS
SM
MD
LG