Ссылки доступа

БМТ: Украинада 700 мингга яқин одам ичимлик сувисиз қолди


Херсон, 8 июня 2023 года
Херсон, 8 июня 2023 года

Россия босқинчиларининг Каховская ГЭСини портлатиб юбориши натижасида Украинада 700 мингга яқин аҳоли ичимлик сувидан маҳрум бўлиш хавфи остида. Қайд этилишича, гап Украина назорати остидаги ва Россия томонидан вақтинча босиб олинган ҳудудлар ҳақида бормоқда.

Бу ҳақда БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс AP агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Ушбу 700 000 киши учун тўғри ичимлик суви йўқлиги муаммоси яқинлашмоқда», деди Гриффитс.

Унга кўра, БМТ Украина назорати остидаги сув босган ҳудудларнинг 30 минг нафар аҳолисига ёрдам кўрсатган. Жойларда кўнгиллилар ишламоқда. Шу билан бирга, Россия ҳарбийлари ташкилотга жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун босиб олинган ҳудудларга кириш имкониятини бермаган.

Гриффитснинг фикрича, Днепрнинг қуйи оқимидаги сув тошқини муқаррар равишда ғалла экспортининг камайишига, бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат нархининг ошишига ва миллионлаб одамлар учун мавжуд озиқ-овқат миқдорининг камайишига олиб келади.

Шунингдек, у Запороже атом электр станциясини совутиш суви билан таъминлаш муаммоси пайдо бўлаётганини қўшимча қилди.

7 июнь куни президент Владимир Зеленский Каховка ГЭСи руслар томонидан портлатиб юборилганидан кейин Қизил Хоч ва БМТ Украинага ёрдам бермаётгани ва Киев улардан жавоб олмаганини айтди. У халқаро ташкилотларни Херсон вилоятининг босиб олинган қисмида зудлик билан қутқарув операциясига қўшилишга чақирди.

8-июнь куни Украина ва БМТ Херсон вилоятининг босиб олинган чап қирғоғидан Каховская ГЭСи портлашидан кейин аҳолини босиб олинган ҳудудларга хавфсиз ўтиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда эвакуация қилиш режасини келишиб олди.

6 июнга ўтар кечаси Россия қўшинлари бир йилдан кўпроқ вақт давомида назорат қилиб келаётган Каховская ГЭСини портлатиб юборди. Днепр бўйидаги шаҳар ва қишлоқлар тўлиқ ёки қисман сув остида қолган.

“Укргидроэнерго” компаниясининг хабар беришича, Каховская ГЭСи бутунлай вайрон бўлган ва уни қайта тиклаш мумкин эмас.

XS
SM
MD
LG