Бу ҳақда 29 июнь, чоршанба куни эълон қилинган миссия хабарида айтилган.
Ҳужжатлаштирилган ҳолатлар февраль ва март ойларининг охирларида, бу ҳудудлар Россия ҳарбийлари назорати остида бўлганида содир бўлган. Биргина Буча шаҳрида миссия камида 50 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилганини ҳужжатлаштирган. Қурбонларнинг аксарияти эркаклар, бироқ улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. «Жасад қолдиқларини қайта тиклаш, эксгумация қилиш ва шахсини аниқлаш ишлари ҳали якунланмаганлиги сабабли, миқёс ҳали тўлиқ баҳоланмаган», — дейилади миссия ҳисоботида.
27 июнь ҳолатига кўра, БМТ 4731 киши ҳалок бўлганини ва яна 5900 киши яраланганини тасдиқлади.
Хабарда айтилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тинч аҳолига нисбатан 23 та жинсий зўравонлик ҳолатларини тасдиқлашга муваффақ бўлди.
«Ҳақиқатда қурбонлар сони анча юқори, чунки бу рақамларга фақат миссия аниқ тасдиқлай олган ҳолатлар киради», - дейилади хабарда. Миссия, шунингдек, 248 фуқарони ўғирлаш ҳолатларини тасдиқлади, уларнинг аксарияти қийноққа солинган, ғайриинсоний шароитларда сақланган ва ҳатто ўлдирилган.
Украина Россия аскарлари томонидан содир этилган эҳтимолий ҳарбий жиноятларни текширишда давом этмоқда. Июнь ойида БМТ инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан тузилган халқаро тергов комиссияси илк бор мамлакатга ташриф буюрди. Комиссия, биринчи навбатда, февраль ойининг охирида ва март ойида Киев, Буча, Ирпен, Харков ва Сумида содир бўлган воқеаларни ўрганди.