Туркияда 2021 йилдан бери бедарак йўқолган ўғлини қидираётган туркманистонликка Туркия визаси берилмади. Мари вилоятининг турғунининг яқин қариндоши ва вазиятдан хабардор бир фаолнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, Туркия элчихонаси визани рад қилишига туркман махсус хизматлари таъсир қилган. Махсус хизматлар шунингдек бу оилага босим ўтказмоқда.
20 апрель куни ўзини Чаригелди Бабаев деб таништирган Мари вилоятининг турғуни Туркияда ғойиб бўлган ўғлини топишда ёрдам сўраб видеомурожаат эълон қилган эди. Бироқ ТикТок ижтимоий тармоғида жойлаштирилган ушбу видео икки кундан кейин ўчириб ташланган.
Айтишларича, туркман полицияси Бобоевлар уйига келиб видеомурожаатни ТикТокдан ўчиришни талаб қилган.
Ушбу воқеадан сўнг АҚШда яшовчи туркман фаоли Толиб Аббосов видеони ўзининг саҳифасида видео эълон қилди ва оилага ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
16 май куни Озодлик радиоси билан суҳбатлашган Аббосовнинг айтишича, у Чаригелди Бабаевга Туркияга сафари учун моддий ёрдам кўрсатган. Бироқ Туркия элчихонаси Бабаевга виза беришни ҳеч қандай изоҳсиз рад этган.
2022 йилгача туркманистонликлар Туркияда 30 кун визасиз қолиши мумкин эди. Аммо 2022 йилдан Ашхобод талаби билан мамлакатлар ўртасидаги визасиз режим бекор қилинган.
Фаолнинг таъкидлашича, бу ғалати ҳолат, чунки Чаригелди Бабаев Туркманистон ва Туркия қонунларини ҳеч қачон бузмаган кекса одам. У Туркияда ҳатто ҳеч қачон бўлмаган ҳам.
Аббосов ва исмини ошкор қилишни истамаган оиланинг яқин қариндоши Туркманистон расмийлари Бабаевга виза бермаслик қарорига таъсир қилган деб ҳисоблашади.
“Миллий хавфсизлик вазирлиги ва Давлат миграция хизмати виза олиш жараёнига таъсир кўрсата олади”, - дейди Аббосов.
Қариндошлари Туркияда ноқонуний яшаётган туркманларга виза бермаслик ҳолатлари кўпайган. Туркиянинг Ашхободдаги элчихонаси ва виза маркази рад сабабларига одатда изоҳ бермайди.
Туркманистондаги иқтисодий инқироз деб кўплаб туркманлар хорижга чиқиб кетмоқда.
Туркманистон фуқаролари Туркияда иқоматга (яшаш учун рухсатнома) эга бўлган хорижликлар ичида биринчи ўринда келмоқда. Туркияда 112 081 нафар Туркманистон фуқароси қонуний тарзда доимо яшайди. Бундан ташқари, 68 321 нафар туркманистонликлар қисқа муддатга, 19 912 нафари талабалик визаси асосида ва 7 085 нафари оилавий виза билан мамлакатда яшаб турибди.
Бироқ Туркиядаги ноқонуний туркман муҳожирларининг сони ушбу расмий рақамлардан бир неча баробар кўпроқлиги айтилмоқда.
2022 йилгача туркманистонликлар Туркияда 30 кун визасиз қолиши мумкин эди. Бироқ 2022 йилдан Ашхобод талаби билан мамлакатлар ўртасидаги визасиз режим бекор қилинган.