Ссылки доступа

Туркия визаси берилмаётгани Ашхободда норозиликларга сабаб бўлди


Туркия элчихонасини яқинда виза аризаларини кўриб чиқишни ярим расмий туркман хусусий агентлигига топширган эди.

Туркия визаси оҳирги пайтларда туркманистонларга деярли берилмаяпти. Озодлик манбаларининг хабар беришича, виза қоидалари икки ҳафта олдин ўзгартирилган ва шундан сўнг аксар фуқароларнинг аризалари рад этилмоқда. Бу ҳолат Ашхободда очиқ норозиликни келтириб чиқарди.

"Бир кунда 150 нафар аризачидан 147 нафарига виза рад этилди," - дейди вазиятдан хабардор бўлган манбалардан бири.

Унинг айтишича, ҳар бир аризачи виза учун 200 доллар тўлаган. Визани ололмаган фуқаролар 22 июль куни Туркиянинг Ашхободдаги элчихонаси олдида тўпланиб, уларга виза бериш ёки 200 АҚШ долларини қайтариб беришни талаб қилиб норозилик намойишини ўтказдилар.

Туркия элчихонасини яқинда виза аризаларини кўриб чиқишни ярим расмий туркман хусусий агентлигига топширган эди. "Агентлик туристик виза учун белгиланган 60 доллар ўрнига 200 доллар олмоқда," - деди манба.

Виза рад этилса, бу пуллар аризачига қайтарилмайди.

Бир нечта манбаларнинг маълумотларига кўра, агентликка ҳар куни 100 дан ортиқ киши мурожаат қилади. Ариза берувчилардан 200 АҚШ доллари миқдорида тўлов ундирилса-да, уларга фақат 60 АҚШ доллари миқдорида тўланган виза учун квитанция берилади.

Туркманистондан ташқарига чиқиб кетишга интилаётган фуқароларнинг оқими йилдан-йилга ортиб бормоқда. Туркманистон ҳукумати миграция кўлами ҳақидаги маълумотларни эълон қилмаса-да, биометрик паспортлар учун икки йилга чўзилган навбатлар ва виза марказларидаги узун навбатлар аҳолининг хорижга чиқиш истагидан далолат беради.

XS
SM
MD
LG