Ссылки доступа

Кишинёв аэропортида ўқ отган Тожикистон фуқароси қамоқхонада вафот этди


Молдова пойтахти Кишинёвдаги аэропортда ўқотар қуролдан иккита офицерни отиб ўлдирган Тожикистон фуқароси Рустам Ашуров қўлга олиш пайтида олган жароҳатлари оқибатида қамоқхонада вафот этди. Бу ҳақда Молдова Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

«Кишинёв халқаро аэропортида икки кишини отиб ўлдирганликда гумонланаётган шахс 15 минут аввал қамоқда вафот этди», – дейилади вазирлик 4 июлга ўтар кечаси тарқатган хабарда. Полиция бундан бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

Рустам Ашуров 30 июнда Кишинёв аэропортида Молдова ҳудудига киришига рухсат этилмагани ортидан ўқ отган эди. Отишмада чегара полициясининг 31 ёшли ходими Сергей Мунтяну ва аэропорт хавфсизлик хизмати инспектори бўлган 40 ёшли Игорь Чофу ҳалок бўлган. Шу муносабат билан 4 июль Молдовада мотам куни деб эълон қилинди.

Ашуров қўлга олиш жараёнида бир неча жойидан яраланган эди.

Тожикистон Бош прокуратураси Ашуров уюшган жиноий гуруҳ аъзоси бўлганини билдирган. Бош прокуратурага кўра, у Душанбеда 23 июнда Ориёнбанк директори ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевни ўғирланишига алоқадор бўлган. Ашуров Душанбеда қўлга олинишидан қўрқиб, Молдовага қочган.

Тожикистон расмийларининг Озодлик радиоси тожик хизматига билдиришича, 2 июнь куни Исматуллоевнинг ўғирланишига алоқадорликда гумонланиб камида тўрт киши қўлга олинган. Банкирнинг тақдири эса ҳозиргача номаълум бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG