Ссылки доступа

Ўзбекистонга VISA ли саёҳат. Россияликларга ўзбек банкларида ҳисоб очиш таклиф қилинмоқда


Украинага уруш сабаб Ғарбнинг иқтисодий ва молиявий санкциялари остида қолган Россиядаги туроператорлар VISA ва Mastercard карталари очиш учун Ўзбекистонга махсус саёҳат пакетларини таклиф қилмоқда.

Москва ва Екатеринбургдаги туроператорларни бирлаштирган Россиянинг Vedi Group сайёҳлик ширкати “VISA учун Ўзбекистонга” деб номланган уч кунлик тур россиялиларга Visa ва Mastercard карталарини очиш имконини беришини айтмоқда.

Vedi Group ходимининг айтишича, россияликлар учун тўлов карталари очиш Ўзбекистоннинг “Капиталбанк”и билан йўлга қўйилган, ҳисоб очиш учун Россия паспортидан бошқа ҳужжат талаб этилмайди.

“Путёвка 23 минг рубль туради. VISA ва Mastercard карталари очиш учун ҳужжатларни тайёрлаш ҳам шу нарх ичида. Карталар Ўзбекистоннинг “Капиталбанк”ида очилади. У ерда бизни вакилимиз кутиб олади ва ҳужжатларни тайёрлашда кўмакчи бўлади. Қўлингизда Россия паспорти бўлса кифоя. Карта очиш учун маҳаллий пулда 80 минг сўм тўлайсиз. Бир соат вақт олади,холос”, - дейди сайёҳлик ширкати ходими.

Украинага тажовуз сабаб санкциялар киритилиши ортидан VISA ва Mastercard тўлов тизимлари жорий йилнинг 6 мартидан бошлаб Россиядаги барча операцияларни тўхтатганини эълон қилди.

Эндиликда россияликлар хориж давлатларида ва интернет-магазинларда Visa ва Mastercard карталаридан фойдалана олмайди.

Бундан ташқари, Google Pay ва Apple Pay дастурлари ҳам улар учун ишламайди.

“Капиталбанк”нинг Тошкентдаги марказий идораси ходими Россия фуқаролари банк ҳисоби, VISA ва Mastercard карталарини очишлари мумкинлигини айтди.

“Ўзбекистонга бунинг учун сайёҳлик турлари очилганидан хабаримиз йўқ. Лекин шуни айтишим мумкинки, Россия фуқаролари ҳам бизни банкимизда ҳисоб очиб, VISA ва Mastercard олишлари мумкин. Бунинг учун фақат паспорт эмас, Ўзбекистонда вақтинчалик ёки доимий пропискаси ҳақида справка ҳам керак бўлади. 80 минг сўм бир марталик взнос тўлайди. Ҳар ой 500 доллардан кам бўлмаган миқдорда ҳисобда пул бўлиши керак”, - дейди исмини очиқламаган “Капиталбанк” ходими.

Айрим давлатлар, масалан Грузия 1 мартдан 31 мартга қадар норезидентларга мамлакат банкларида ҳисоб очишни тақиқлади. Арманистон банклари эса, хабарларга кўра, 6 ойлик ижара шартномаси талаб қилмоқда. Россияликлар орасида оммабоп бўлган яна бир мамлакат Туркия бир марталик 5 минг АҚШ доллари миқдорида депозит қўйиш шартини жорий қилган. Ўзбекистон банкларида 28 март ҳолатига бу каби чеклов жорий қилингани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Ўзбекистонда очилган банк карталари россияликларга санкция чекловларини четлаб ўтиб, хорижда товарлар ва хизматлар учун нақд пулсиз тўловлардан эркин фойдаланишга имкон бериши мумкин.

Москвалик Игорь Нестеров бунинг қандай ишлашини тушунтириб берди.

“Ўзбекистон санкциялардан холи. Visa ёки Mastercard очади. У ёқда очган ҳисобига рублда пул ўтказиб туради. Чет давлатларга борганида шу пулни ишлатади ёки долларда ечиб олиши ҳам мумкин. Чунки бизда доллар ҳам чекланган. Бундан мақсад нафақат Visa ёки Mastercard очиш, балки рублни валютага алмаштириш ҳам. Ҳозир Грузия, Озарбайжон ва Туркияда ҳам очишяпти шунақа карталарни. Ўзбекистонга ҳам боришяпти. Билишимча, Ўзбекистонда очиш осонроқ, шунинг учун нафақат тур- путёвкалар билан, одамларнинг ўзлари ҳам Тошкентга бориб очиб келишяпти”, - дейди Нестеров.

Ўзбекистон банкларида қанча россиялик мижоз VISA ва Mastercard карталари очгани ҳақида ҳеч қандай статистика эълон қилганича йўқ,

Ғарб давлатлари Россиянинг Украинага қарши урушига, таъбир жоиз бўлса, иқтисодий уруш билан жавоб берди- атиги бир неча кун ичида Россия глобал молиявий тизимдан узиб қўйилди.

2021 йил натижаларига кўра, дунёнинг 11 - иқтисоди бўлган Россия ғарб технологиялари ва савдодаги имтиёзлардан маҳрум бўлди, оддий фуқаролар валютасиз қолди.

АҚШда яшовчи молиячи Фарҳод Иноғомбоевнинг айтишича, Қўшма Штатлар санкцияларни айланиб ўтишга имкон берган банкларга ҳам жазо қўллаши мумкин.

"АҚШ иккиламчи санкциялар масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Бу Ўзбекистон банклари учун жуда хатарли. Агар улар АҚШ санкциясига тушган жисмоний ёки юридик шахсларга ҳисоб очишга кўмаклашадиган бўлса ўзлари ҳам санкция нишонига тушиши хавфи юқори. Оддий россияликларга муаммо йўқ, лекин барибир банкларнинг юридик бўлимлари Россиядан келаётган ушбу мижозларни текширишлари, текширишлари ва яна текширишлари керак. Орасида санкция рўйхатига кирганлари бўлиши мумкин. Иккиламчи санкциялар ҳам борлигини унутмаслик керак", - дейди Иноғомбоев.

Ўзбекистон расмийлари бу борада матбуотга бирон изоҳ бергани йўқ. Жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциясига тушган асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг мамлакатдаги активлари тақдири борасида ҳам ҳеч қандай расмий баёнот берилмади.

XS
SM
MD
LG