Ссылки доступа

Андижонда ҳокимнинг келишига савдогарларнинг бир қисми бозордан қувилди


Бозордаги ёймачиларнинг аксарияти кўп болали аёллар экани айтилади.
Бозордаги ёймачиларнинг аксарияти кўп болали аёллар экани айтилади.

Андижон вилоятининг Асака туманида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов келишига деҳқон бозори олдидан ёймачи савдогарлар қувиб солинган.

Гувоҳларга кўра, қаршилик қилганларни ички ишлар ходимлари машинага босиб олиб кетган.

Нон сотувчи аёлнинг Озодликка айтишича, бозор ёнида қурилган “Глобус” кўнгилочар савдо маркази очилишига 4 май куни “вилоят ҳокими келади”, деган важ билан бозор маъмурияти бир кун олдин ҳамма савдогарларни бозор ҳудудини тарк этиши лозимлиги ҳақида огоҳлантирган.

“Кечадан бери бозорни йўлларини тўсишиб, бозорчиларни ҳаммасини милиция, ППС (Йўл-патрул хизматиғ таҳр.) билан юришиб, ҳайдади. Айримларини машинага босиб олиб кетди. Уч кун савдо бўлмайди, шахсан вилоят ҳокими келади, дейишиб ҳамма ёқни тозалашди. Ҳоким келса, ҳалиги беш қаватли “Глобус" маркази катта бўлиб кўриниб туриши керак экан”, - дейди исми очиқланишини истамаган нон сотувчи аёл.

Озодлик суҳбатлашган бошқа бир савдогар бозор маъмуриятининг кўзбўямачилиги ҳам тадбиркорлар, ҳам давлат зарарига бўлаётганини айтади.

Асака тумани деҳқон бозори бошлиғи Шуҳрат Шокиржонов “ноқонуний савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланадиган ёймачи савдогарлар"нинг бозор олдидан ҳайдалганини тасдиқлади.

Лекин бозорчиларга куч қўлланилгани, айримлари милиция бўлимига олиб кетилгани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.

Асака деҳқон бозори Андижон вилоятидаги энг катта бозорлардан. Бозори ичкариси ва ташқарисида нон ва бошқа уйда тайëрланадиган пишириқ ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш орқали юзлаб ишсиз аëл тирикчилик қилади.

Бозорда гўшт сотадиган Ҳаётулланинг айтишича, бозордаги ёймачиларнинг аксарияти кўп болали аёллардир.

- Прилавкада туриб нон ёки кўкат сотиш ўзини оқламайди. Гўшт сотса бўлади прилавкада, лекин нон, кўкат сотиб катта фойда кўриб бўлмайди. Нон, кўкат азалдан ёйма қилиб сотилган, - дейди Ҳаётулла.

Икки ҳукумат даврида ҳам ҳокимлик курсисини сақлаб қолаётган Андижон вилояти раҳбари Шуҳрат Абдураҳмоновнинг бошқарув услуби маҳаллий журналист ва блогерларнинг танқидларга сабаб бўлиб келади.

Андижонлик шифокор ва блогер Отабек Аҳлиддинов фикрича, ҳоким Шуҳрат Абдураҳмоновнинг мақсади лавозимида узоқ қолиш.

“Гўёки Андижоннинг амириман, деб кўрсатишга ҳаракат қиляпти. У мендан бошқа одам Андижонни ушлаб туролмайди, деган маънода ўзига бино қўйяпти. Керак бўлса, Андижонни ўйнатвораман, деган мужда беряпти президентга. Ўзини манмансираб шу даража қиляптики, президент Андижонга бундан бошқа одамни лойиқ топмасин”, - дейди Аҳлиддинов.

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Расул Кушербаев эса Андижон ҳокимини фуқароларга нисбатан феодал бошқарув усулини қўллашда айблаган.

Кушербаев, шунингдек, Абдураҳмоновни Андижоннинг “ҳокими мутлақ”и деб атаган, ўтмишда ўзи мансуб бўлган коммунистик тузум бошқарувидан узоққа кета олмагани учун танқид қилганди.

Бундан олдин Андижон вилояти ҳокимига тегишли экани айтилган бир қанча аудиоёзувлар ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган.

Андижон вилояти ҳокимининг матбуот хизмати маҳаллий журналистлар ва блогерларнинг Абдураҳмонов бошқарув услуби билан боғлиқ танқидларни рад этиб келади.

Шуҳрат Абдураҳмонов 2013 йилдан буён Андижон вилоят ҳокими ва Сенат аъзосидир.

XS
SM
MD
LG