Ссылки доступа

Термизнинг ишдан олинган ҳокими қамалди. У иқтисодий жиноятларда айбланмоқда


Исроил Худойбердиев 2017 йилдан бери Термиз шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган.
Исроил Худойбердиев 2017 йилдан бери Термиз шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган.

Термиз шаҳрининг шу йил 21 сентябрь куни ишдан олинган ҳокими Исроил Худайбердиев давлат маблағларини ўзлаштиришда гумон қилиниб қамоққа олинган.

Ҳокимликка яқин манбанинг Озодликка билдиришича, собиқ ҳоким ва унинг муовини Ғайрат Эламановга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича айблов эълон қилинган.

Собиқ мулозимлар устидан Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси олиб бораётган терговга яқин манбанинг Озодликка айтишича, жиноят иши “Яшил дунё” бозори комплекси қурилиши билан боғлиқ.

Термиз марказидаги тўртта савдо мажмуаси ва дўконлардан иборат “Яшил дунё” бозори икки йил аввал очилган эди.

Озодлик манбасининг билдиришича, айблов хулосасида 14 миллиард 800 миллион сўмлик қурилиш объектига миллиардлаб сўмлик маблағлар ноқонуний сарфлангани айтилган.

Термиз ҳокимлигининг қурилиш ва молия масалаларига масъул мулозимлари ҳам бу иш бўйича олиб борилаётган тергов доирасида сўроққа чақирилаётгани айтилмоқда.

2017 йилдан шу йил 21 сентябрига қадар Термиз шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган Исроил Худайбердиевнинг адвокатларидан бири Озодлик билан суҳбатда собиқ ҳокимга нисбатан асоссиз равишда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланганини даъво қилди.

21 сентябрь куни Термиз шаҳар кенгаши сессиясида Худайбердиев ишдан олиниб, ўрнига Ўзбекистон Қурилиш вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ўктам Тўраев Термизга ҳоким этиб тайинланганди.

Расмий хабарда Термиз ҳокимининг лавозимидан олиниши сабаби айтилмаган.

Исроил Худайбердиевнинг қамоққа олиниши 10 дан ортиқ шаҳар ва туман ҳокимларининг лавозимдан четлатилиши манзарасида юз бермоқда.

Сўнгги ўн кунда камида 14 нафар маҳаллий маъмурият раҳбарлари ишдан олингани эълон қилинди.

27 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов 5 нафар ҳоким — Андижон, Асака, Пахтобод, Фарғона ва Нуробод туманлари ҳокимлари ишдан олинганини эълон қилган.

XS
SM
MD
LG