23 ёшли Умрзоқов Озодлик билан суҳбатда таниқли блогер Отабек Сатторий билан бирга Навоийдаги қаттиқ тартибли колонияда ўтирганини айтди.
“Сатторий ҳозир тушкунликда. Дунёга қарашлари анча ўзгарган. Озодликни соғинган. Қилган ишлари бўйича суҳбатлашганмиз, лекин товламачилик қилмаганман, деб айтди менга...”, - дейди Умрзоқов.
Ўтган йили Сатторийнинг "шубҳали жиноятлар билан қамалиши” халқаро матбуот ташкилотлари томонидан қораланганди.
Сатторий ҳозирда туҳмат ва товламачилик айби билан 6 ярим йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
2021 йилда "туҳмат"да айбланиб, бир йилга қамалган қашқадарёлик блогер Ҳумоюн Умрзоқов эса муддатидан олдин шартли озодликка чиқарилди.
У ўзига нисбатан қийноқ қўлланилмагани, бошқа маҳбусларнинг қийноққа солинганига гувоҳ бўлмаганини айтади.
Ҳумоюн Умрзоқов ўзига белгиланган бир йиллик қамоқ жазосини “оғир жазо”, деб ҳисоблайди.
”Ичкарида бўлган вақтда мен кўп кузатдим. Оғирроқ жиноят қилганлар уй қамоғи ва шартли озодликка чиқиб кетганликларини кўрдим. Манзил колониясига олинганликларини кўрдим. Менга оғирроқ жазо беришди, қилган ишим учун”.
Умрзоқов Чироқчи туманида ижтимоий тармоқларда Ички ишлар органи ходимлари ва ҳокимиятни танқид қилувчи чиқишлари билан танилган.
Ўтган йил сентябрида у ёлғон маълумот тарқатишда айбланиб, қамоққа олинди.
Қашқадарё суди уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 - моддаси (Туҳмат қилиш, била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш) бўйича айбдор деб топди.
Айблов хулосасида айтилишича, сентябрь ойида блогер Ҳумоюн Умрзоқов машина ўғирлангани ҳақида ёлғон хабар берган.
Умрзоқов судда айбига иқрор бўлган.
Қашқадарёлик блогер қамоқ унинг учун катта зарба бўлганини айтади. Лекин у блогерлик фаолиятини тўхтатмоқчи эмас.
“Кўчада юрган одамни ичкарига олиб ташлашса, одамга анча руҳий таъсири бўлади. Айнан блогерлик фаолият юритаётган бўлса қамоқ блогер учун катта зарба”, - дейди Ҳумоюн Умрзоқов.
Ўтган йил октябрида иккинчи муддатга қайта сайланган Шавкат Мирзиёев, ўз таъбирича, қонуний фаолият олиб бораётган журналист ва блогерларни ҳимоя қилишга ваъда берган.
Сайловлар арафасида қатор халқаро матбуот ташкилотлари Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг ёмонлашгани, блогерлар ва тармоқ фойдаланувчилари устидан назоратни кучайтиришга қаратилган қонунлар қабул қилинганини танқид қилиб чиқишган.
Айни пайтда Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти бу йилги матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистонни 133-ўринга қўйди. Халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг позицияси бу йил бирданига 24 поғонага яхшиланганини Президент Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадов олқишлаб чиқди.
Рейтингдаги кескин ўзгаришларга ташкилотнинг бу йил матбуот эркинлигини баҳолаш методологиясини ўзгартиргани сабаб бўлгани айтилади.
“Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистонда блогерларга таҳдид қилиш ва уларни қамоққа ташлаш давом этаётганини таъкидлаган.