Ссылки доступа

"Бир кунда ўғлим, келиним ва уч неварамни тупроққа қўйдик". Ўзбекистонда ис газидан ўлаётганлар


Ўзбекистонда аксар аҳоли қиш мавсумида газ ва электр тақчиллигидан азият чекиб келади.
Ўзбекистонда аксар аҳоли қиш мавсумида газ ва электр тақчиллигидан азият чекиб келади.

8 декабрь куни Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида бир оиланинг икки аъзоси вафот этди. Уларнинг ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлгани айтилмоқда.

Хоразм вилоят Фавқуодда вазиятлар бошқармаси бу ҳақда аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарни тасдиқлади. Хабарда айтилишича, 2 нафар фуқаро вафот этгани бўйича суд тиббий экспертизаси тайинланган.

Шу йилнинг 1 ноябридан буён маҳаллий матбуотда ёритилган ис газидан ўлим ҳолатлари 20 дан ошди.

Ҳар йили қишнинг совуқ кунларида Ўзбекистонда газ ва электр таъминотидаги узилишлар ўнлаб одамнинг умрига зомин бўлади. Расмийлар ўлим ҳолатларида фуқароларнинг ўзларини айблайди, ўлим ҳолатларига иссиқлик электр қурилмаларининг техник фойдаланиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик ёки газга ноқонуний уланиш сабаб бўлгани айтилади.

Бухоролик врач Очил Усмонов бир кунда ўғли, келини ва уч набирасини тупроққа топширди.

Жондор туманининг Охших қишлоғида яшовчи бу оиланинг беш аъзоси 5 декабрга ўтар кечаси ис газидан заҳарланиб вафот этган.

“Кеча жанозаси бўлди, иложимиз қанча, ҳаммасини қабристонга ёнма-ён қўйдик”, - дейди Усмонов.

Яқинларининг айтишича, марҳум Нодир Усмонов тадбиркорлик билан шуғулланган. У 4 декабрь куни оила-аъзолари билан тўйга борган ва шу куни уйига кечки 9ларда қайтган.

Эртаси куни эрталаб укаси келиб, хонадон дарвозасини тақиллатиб, чақирган. Аммо уйдан ҳеч ким чиқмаган. Тушликка яқин хонадон эшиги бузиб кирилганида эр-хотин ва уларнинг 2, 7, 11 ёшдаги фарзандлари жонсиз ҳолда топилган.

“Шу куни келин ва болалари билан тўйга боришган, уйга кеч 9ларда келишган. Котёл иситмагани учун электропечкани ёқишган. Болаларни уйига ўша иситгич қўйилган экан. Кичкина қизини пайпоғи шу печкага илиниб қолган. Ёнғин шу пайпоқдан қолинга ўтган, синтетик гилам борку, полос, ўшанга ўтган. Синтетик гилам жуда заҳарли бўлар экан, ис гази шундан чиққан. Эртасига эрталаб телефон қилганимизда, ҳеч ким кўтармади. Шундан кейин кичкина ўғлим хонадон дарвозасини босса, уйдан ҳеч ким чиқмаган. Кейин эшигини бузиб киришса, ана шу ҳолат бўлган”, - дея ҳикоя қилади Очил Усмонов.

24 ноябрь куни Фарғона вилояти Бувайда туманида уч кунлик ёш келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этгани хабар қилинди. Уларнинг қўлбола печкадан чиққан ис газидан бўғилиб ўлгани айтилади.

Аввалроқ Наманганнинг Поп туманида икки аёл ва бир бола, қайнона, келин, набира, Қашқадарёда 17 ёшли қиз, Жиххахда аёл ва унинг икки набираси, Бухорода 2-синф ўқувчиси ис газидан заҳарланиш натижасида ҳаётдан кўз юмганди.

Ноябрь ойининг бошида Жиззахнинг Фориш туманида бир аёл ва унинг икки фарзанди ис газидан ҳалок бўлган.

Фожиалар, асосан, мўриси тозаланмаган ёки текширилмаган иситиш печларидан фойдаланиш оқибатида юз бергани хабар қилинади.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги бу каби фожиали ҳолатларга, асосан, қўлбола печкалардан фойдаланиш, газ, кўмир, ўтин ва бошқа ёқилғилардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик, дудбўронларни нотўғри ўрнатиш сабаб бўлаётганини маълум қилган.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати тунда -10 даражадан пастроқни ташкил қилаëтган айни кунларда аксар аҳоли газ ва электр қувватидан узилган оғир шароитда қандай қилиб бўлмасин қишдан омон чиқишга уринмоқда, ноиложликдан қўлбола печкалардан фойдаланмоқда, дейди фарғоналик блогер Дима Қаюм

Аксар ижтимоий тармоқ фаоллари ҳукуматни ҳаракатсизликда айблайди.

XS
SM
MD
LG