Ссылки доступа

“Илҳом” театрида “Ерости қизлари” тақиқлаш уринишларига қарамай намойиш этилди


"Ерости қизлари" спекталида Толибон режимида дахшатли аҳволга тушган аëллар қисмати ҳақида ҳикоя қилинади.

Тошкентдаги “Илҳом” театрида “Ерости қизлари” спектакли уни бекор қилиш уринишларига қарамай кечикиш билан бўлса ҳам намойиш этиладиган бўлди.

Спектаклда Афғонистонда 2021 йил августида ҳукумат Толибон қўлига ўтганидан кейин даҳшатли аҳволга тушган аëллар қисмати ҳақида ҳикоя қилинади.

Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси спектакль Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларга путур етказиши мумкинлигини айтиб, ИИБ ва Миллий гвардияга сценарийни ўрганиб чиқишни сўраб хат ёзган эди.

Ушбу хат ортидан спектаклнинг 10 сентябрь кунига белгиланган премьераси қолдирилди.

Cпектаклнинг тақиққа учраши тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгач масалага Ўзбекистон Адлия вазирлиги аралашди.

Вазирлик Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмасининг хатини қонуний кучга эга эмас деб топди, уюшма қонунчиликни бузди дея, давлат ташкилотларига юборган хатини ижродан чақириб олиш ҳақида кўрсатма берди.

Театр жамоаси буни жаҳолат устидан эришилган ғалаба сифатида таърифламоқда.

Ўзбеккстон театр арбоблари уюшмаси раиси, таниқли ўзбек актёри Ёқуб Аҳмедовнинг хатида "Афғонистондаги ижтимоий диний ва сиëсий аҳволни Ғарб дунëқараши асосида кенг жамоатчиликка кўрсатиш икки томонлама давлат алоқаларига путур етказади" дея ëзилган.

“Ушбу спектаклда асосан, қўшни Афғонистонда яшаётган инсонларнинг тақдири, аёлларнинг қамоққа олинишининг ҳалокатли оқибатлари, инсоннинг асосий ҳуқуқлари, мустақил бўлиш, билим олиш ва ўз тақдирини белгилаши, эркинлиги учун курашишга ҳаракат қилиши каби масалалар ўрин олган экан.

Афғонистонда ижтимоий, диний, ва сиёсий аҳволни Ғарб дунёқараши асосида кенг жамоатчиликка кўрсатиш, миллий ҳамда диний қадриятлар ва урф-одатларни қоралаш, ўзбек-афғон халқларининг тинч ва барқарор яшашини, икки томонлама давлат алоқаларига путур етказиши мумкин.

Бошқа миллатларнинг урф-одатлари ва миллий қадриятларини ҳурмат қилиб, ҳар томонлама муҳокама қилгандан сўнг, жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинса, мақсадга мувофиқ”.

“Илҳом” театрида “Ерости қизлари”ни томоша қилган ўзбекистонлик блогер Диора Озодлик билан суҳбатда спектакль ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Мен спектакль премьерасига бордим. Асосан ҳурфикрли инсонлар, халқаро ташкилот ва дипкорпус вакиллари бор эди. Толибонпараст, сталинпарастлар борадиган жой эмас у ер. Спектаклда диний радикаллар жиғига тегадиган жиҳатлар жуда кўп у ерда. Толибон дейилмаган, лекин воқеа Толибон Афғонистонида эканини тушуниб оласиз. Эркин аёл билан бурқадаги аёл ҳаёти қиёсланади. Бурқа ҳудди қамоқхона либоси каби тақдим этилади спектаклда. Бизни ўзимиздаги холатларга ҳам намёклар бор ".

"Илҳом" театри 1976 йилда "Ёш театрларнинг экспериментал студияси" номи билан тузилган бўлиб, Совет Иттифоқи ҳудудида ҳукуматга тегишли бўлмаган илк мустақил театрлардан бири бўлган.

Унинг асосчиси ва бадиий раҳбари Марк Вайл 2007 йилда диний радикаллар тарафидан ўлдириб кетилиши ортидан, театр "Марк Вайлнинг "Илҳом" театри" деб номланди.

Вайль 2007 йилда Тошкентда пичоқлаб кетилди.

У театрда "Подражание Корану" ("Қуръонга тақлид") спектаклини саҳналаштиргани учун диний радикаллар нафратига нишон бўлгани, шу спектакль учун ўлдириб кетилгани иддао қилинади.

Ўзбекистондаги ўзига хос маданият ва ҳурфикрлилик маркази бўлган театр халқаро фестивалларда Ўзбекистон санъатини тақдим қилиб келади.

2018 йилда Илҳом театри Россияда тақиқлангани ортидан тилга тушган “Сталиннинг ўлими” (The Death of Stalin) фильмини намойиш этгани учун огоҳлантириш олди.

Ўтган йили эса Тошкентдаги Shodlik Palace меҳмонхонасини хусусийлаштириб олган Ofelos Plaza компанияси бинони бўшатиб қўйишни талаб қилиб чиқиши ортидан “Илҳом” театри ёпилиш хавфи остида қолганди.

XS
SM
MD
LG